Тадбиркорлик субъектларига берилаётган субсидия, имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш самарадорлиги баҳоланади
2026-05-26 15:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур қарор тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг натижага йўналтирилган тизимини жорий этишга қаратилган бўлиб, давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, буджет ресурсларининг манзилли сарфланишини таъминлаш ҳамда тадбиркорларга берилаётган кўмак чораларининг иқтисодий қайтимини баҳолашнинг механизмларини белгилашга қаратилган.
Қўллаб-қувватлаш чораларининг натижадорлигига устувор аҳамият берилади
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусий секторни иқтисодиётнинг драйверига айлантириш, янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида давлат томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмоқда.
Жумладан, тадбиркорлик субъектларига, субсидия, грант, солиқ ва божхона имтиёзлари, преференция, компенсация, кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш каби қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиб келинмоқда.
Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда ушбу қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳақиқий иқтисодий самарадорлиги, улар орқали қандай натижаларга эришилгани, давлат томонидан ажратилган маблағларнинг иқтисодиётга қай даражада ижобий таъсир кўрсатаётгани бўйича тизимли таҳлил ва мониторинг механизмларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан мазкур қарор орқали тадбиркорларга давлат томонидан берилаётган ҳар бир бўйича натижага асосланган баҳолаш механизми жорий этилмоқда.
Энди ҳар бир қўллаб-қувватлаш чораси аниқ мақсадли кўрсаткичлар билан боғланади
Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланади.
Хусусан, қўллаб-қувватлаш чораларини олган тадбиркорлик субъектлари қанча янги иш ўрни яратгани, ишлаб чиқариш ҳажми қай даражада ошгани, экспорт кўрсаткичлари қандай ўзгаргани, жалб қилинган инвестициялар ҳажми, маҳсулот маҳаллийлашуви, қўшимча солиқ тушумлари, рақобатбардошлик даражаси каби кўрсаткичлар орқали баҳоланади.
Бу механизмлар ёрдамида давлат томонидан тақдим этилган ҳар бир қўллаб-қувватлаш чораларининг реал иқтисодий самараси ўлчанади ҳамда буджет маблағларининг қайтими таҳлил қилинади.
Мониторинг ва баҳолаш механизми йўлга қўйилади
Қарор билан тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларини тизимли мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш тартиби (низом) тасдиқланган, унга кўра:
давлат органлари томонидан тадбиркорларга ажратилган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумотлар мунтазам йиғилади;
мақсадли кўрсаткичларга эришиш даражаси таҳлил қилинади;
қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлиги дастлабки ва якуний баҳоланади;
самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланади;
натижалар бўйича таҳлилий маълумотлар шакллантирилади.
Бу механизм келгусида давлат томонидан қайси турдаги қўллаб-қувватлаш чоралари юқори иқтисодий самара бераётганини аниқлаш ва самарасиз механизмларни қайта кўриб чиқиш имконини беради.
Мақсадсиз фойдаланилган субсидиялар қайтарилади
Қарор билан тасдиқланган тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири давлат маблағларидан масъулиятли фойдаланиш механизмларининг кучайтирилаётганидир.
Эндиликда, асоссиз олинган, нотўғри маълумот тақдим этилган ҳолда расмийлаштирилган ҳамда белгиланган мақсаддан ташқари ишлатилган субсидиялар бўйича маблағларни тегишли буджетга қайтариш тартиби амал қилади.
Бу эса давлат маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, ҳалол тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш ва буджет интизомини кучайтиришга хизмат қилади.
Қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиш ва самарадорлигини баҳолаш рақамли платформалар орқали амалга оширилади
Масъул вазирлик ва идоралар томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш жараёнлари рақамлаштирилади ҳамда ахборот тизимлари Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ягона платформаси билан тўлиқ интеграция қилинади.
Бу орқали давлат органлари ўртасида идоралараро ахборот алмашинуви автоматлаштирилади, инсон омили қисқаради, шаффофлик ва ҳисобдорлик янада кучайтирилади.
Масъул вазирлик ва идоралар қўллаб-қувватлаш чораларини алоҳида методологиялар асосида амалга оширади
Масъул вазирлик ва идоралар қарор билан тасдиқланган низомнинг қоидалари асосида ҳар бир соҳанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир қўллаб-қувватлаш чораларини алоҳида методологиялар асосида тақдим этади. Методологияларда қуйидагилар белгиланади:
тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилишида уларнинг ҳар бири томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаш;
тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектлари мақсадли фойдаланиши ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришишини мониторинг қилиш;
тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектлари самарали фойдаланишини таҳлил қилиш ва самарадорликни дастлабки баҳолаш;
қўллаб-қувватлаш чораларидан самарасиз ҳамда мақсадсиз фойдаланган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини шакллантириш;
асоссиз олинган ҳамда мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни тегишли манбаларга қайтариш тартиби.
Шу билан бирга, мазкур методологиялар очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тегишли идораларнинг расмий веб-саҳифаларига жойлаштирилади.
Умуман олганда, мазкур қарор билан белгиланган тартиблар тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини фақат маблағ ажратиш эмас, балки уларни натижага йўналтириб, давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш чораларининг реал иқтисодий таъсирини баҳолаш, шаффофликни кучайтириш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
