Жаҳон банки вакиллари билан иқтисодий ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди
2026-05-25 22:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: DPO (Ривожланиш сиёсати операцияси) — бу мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро ҳамкорлик дастури бўлиб, у орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи чора-тадбирлар амалга оширилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин ҳамда Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Мазкур тадбир мамлакатда Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар натижаларини сарҳисоб қилиш ҳамда кейинги босқичда ўсиш суръатларини давом эттириш бўйича янги йўналишларини белгилашга қаратилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда сўнгги йилларда очиқлик ва бозор тамойиллари асосида олиб борилаётган иқтисодий ўзгаришлар натижасида барқарор ўсиш суръатлари таъминланганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида иқтисодиётни диверсификация қилиш, хусусий секторни кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматли иш ўринларини яратиш ҳамкорликнинг устувор вазифалари сифатида қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида иқтисодий ўсишни янада жадаллаштиришга хизмат қилувчи асосий йўналишлар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш, молиявий секторни ривожлантириш ҳамда халқаро савдо ва логистика тизимларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини модернизация қилиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш муҳим омил экани қайд этилди.
Тадбир доирасида Жаҳон банки экспертлари томонидан иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги DPO дастурининг асосий йўналишлари юзасидан тақдимот қилинди. Бунда, экспертлар томонидан мамлакатда транспорт ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш, молия бозорларини имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали хусусий сектор ролини ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунида томонлар иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттиришда ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги DPO дастури доирасида аниқ ва самарадор чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси






