“Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни юзасидан тушунтириш
2026-05-21 11:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Бюджет маблағларини режалаштириш юзасидан ўзгартиришлар:
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Кодекснинг 104-моддаси бекор қилинди.
Бунга асосан, бюджет кўрсаткичларини ишлаб чиқиш сифатини ошириш ҳамда ишончлилигини янада кучайтириш мақсадида бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг вақтинчалик харажатлар сметалари 2026 йилдан бошлаб бекор қилинди. Ушбу тартиб бекор қилингунга қадар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар биринчи чорак учун вақтинчалик смета асосида фаолият юритар, асосий харажатлар сметаси эса жорий йилнинг 1 апрелига қадар тасдиқланиб, иқтисодиёт ва молия органларида рўйхатдан ўтказилган.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан келгуси молия йили учун харажатлар сметалари ва штат жадвалларини тасдиқлаш жорий молия йилининг 20 декабридан кечиктирмай амалга оширилиши ҳамда иқтисодиёт ва молия органларида 25 декабрга қадар рўйхатдан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилди.
Ушбу тартиб жорий этилиши натижасида бюджет ташкилотлари томонидан қурилиш ишлари, давлат харидлари ва тендер жараёнларини йил бошидан бошлаш ва уларни ўз вақтида амалга ошириш имконияти кенгайтирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини 99-моддасига тегишли ўзгартириш киритилиб, унга асосан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг масъул вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши белгилаб қўйилди.
Бунинг натижасида бюджет лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги янада ошади ҳамда Ҳисоб палатаси вакили иштирокида бюджет лойиҳасини баҳолаш амалга оширилади. Шунингдек, маҳаллий бюджетларни шакллантиришда масъулият ва ҳисобдорлик янада оширилиши таъминланади.
Шу билан бирга, Бюджет кодексининг 28-моддасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли молия йили учун белгиланган тартибда тасдиқланган Давлат бюджети даромадлари прогнозининг ўз ҳудудига тегишли қисмининг чораклар ва туманлар (шаҳарлар) кесимидаги тақсимотини тасдиқлаши юзасидан тегишли ўзгартириш киритилди.
Бу эса ўз навбатида, бюджет даромадларини йил давомида янада аниқ ва босқичма-босқич режалаштиришни таъминлашга, даромадлар тушумининг мавсумийлик омилларини инобатга олган ҳолда самарали бошқаришга, бюджет ижросини ҳар чорак якуни бўйича тизимли баҳолаш ва назорат қилишни кучайтиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
