“Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди
2024-07-16 22:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Қонун лойиҳаси билан иссиқхона газлари чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари, қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик муносабатлари, иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари ҳамда иссиқхона газларининг чиқарилиши ҳисобини давлат томонидан юритиш тартиб-қоидалари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ва халқаро бозорларда бунинг натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари савдосини йўлга қўйишни тартибга солиш ҳамда Ўзбекистоннинг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенцияси доирасида тузилган Париж битимига мувофиқ олинган мажбуриятларини бажариш имконини беради.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Париж битими доирасида иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2030 йилга келиб, 2010 йилдаги даражага нисбатан 35 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.
Шунингдек, мазкур Қонун лойиҳаси билан иссиқхона газларининг чиқарилиши реестри ҳамда иссиқхона газлари кадастрини шакллантириш ва юритиш тартиби, углерод бирликлари муомаласини амалга ошириш тартиб-қоидалари, мониторинг, ҳисобот ва верификация (МРВ) тизими асослари ҳамда тартиби назарда тутилмоқда.
Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро ва ички углерод бозорига йўналтириладиган углерод бирликлари реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, республика ҳамда халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишда ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
