Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозоридаги муҳим қадами
2026-05-18 17:35:00 / Вазирлик янгиликлари

2026 йил 18 май куни Ўзбекистон иқтисодий ривожланишида муҳим воқеа юз берди — Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO) Лондон фонд биржаси майдонида муваффақиятли амалга оширилди.
Мазкур IPO Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий тарихида халқаро фонд бозорида амалга оширилган йирик капитал бозори операцияларидан бири бўлиб, мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, бозор механизмларини кенг жорий этиш, корпоратив бошқарув стандартларини такомиллаштириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги тизимли ишларнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Жойлаштириш жараёнида халқаро инвесторлар томонидан юқори қизиқиш билдирилди. Хусусан, UzNIF акцияларига бўлган талаб жойлаштириш ҳажмидан тўрт баробардан ортиқ шаклланиб, умумий буюртмалар ҳажми қарийб 3 миллиард АҚШ долларига етди.
Мазкур натижалар халқаро институционал инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган ишончи ортиб бораётганини, мамлакатнинг узоқ муддатли инвестициялар учун истиқболли ва барқарор йўналиш сифатида баҳоланаётганини кўрсатади.
Шунингдек, ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, давлат активларини трансформация қилиш ҳамда халқаро молия бозорларига интеграцияни жадаллаштириш борасидаги сиёсатнинг муҳим натижаларидан бири ҳисобланади.
UzNIF акцияларининг Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирилиши Ўзбекистоннинг халқаро инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, миллий капитал бозорини ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг глобал молиявий майдондаги позицияларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
