Буюк Британиянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2026-05-13 20:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича савдо комиссари Девид Рид, Британия элчихонаси мамлакат директори Николас Альтам ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ислоҳотлар ҳамда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамалар давомида томонлар қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратди:
· Хусусийлаштириш жараёнлари ҳамда халқаро капитал бозорларига киришни кенгайтириш;
· Яшил инклюзив ривожланиш жамғармаси (GIG Fund) доирасидаги ҳамкорлик, кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, венчур капитал бозори фаолиятини ривожлантириш, хусусий сектор фаолиятини кенгайтириш ҳамда инновацион стартап лойиҳаларни молиялаштириш ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлаш;
· логистика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар, жумладан, юқори тезликдаги темир йўл тармоқларини ривожлантириш юзасидан ташаббуслар, замонавий пуллик автомобиль йўлларини барпо этиш лойиҳалари.
Ўз навбатида, Буюк Британия томони мазкур инфратузилма лойиҳалари иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, логистика самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудлараро интеграцияни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, устувор йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда конструктив мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



