“Ўзбекистонда ипотека бозори ва уй-жой субсидиялари тизими: мурожаатлар таҳлили, янги механизмлар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2026-05-12 18:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир давомида сўнгги йилларда уй-жой сиёсати соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижалари алоҳида қайд этилди. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлаш тизими жорий этилгани, даромади юқори бўлмаган аҳоли қатламларини давлат томонидан субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивларини комплекс қуриш ишлари бошланганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга ихтисослашган молиявий институт – «Ўзбекистон ипотека кредитларини қайта молиялаш компанияси» АЖ ташкил этилгани соҳадаги муҳим институционал ўзгаришлардан бири сифатида эътироф этилди.
Тадбирда ипотека кредитлаш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди. 2020–2025 йилларда барча манбалар ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари ҳажми изчил ошиб боргани, 2025 йилда мазкур кўрсаткич 21,2 трлн сўмни ташкил этгани маълум қилинди.
2026 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида жами 23 трлн сўм ресурс маблағлари йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 12,3 трлн сўм давлат буджети, 7,7 трлн сўм тижорат банклари ҳамда 3 трлн сўм Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобига тўғри келади. Натижада 73 мингдан зиёд оилалар янги уй-жой билан таъминланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ипотека кредитларининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 480 млн сўмгача, ҳудудларда эса 380 млн сўмгача оширилгани қайд этилди.
Очиқ мулоқотда ипотека кредитлари бўйича субсидиялаш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, даромади юқори бўлмаган фуқаролар учун ипотека кредити бошланғич бадалининг бир қисмини қоплаш мақсадида 30 млн сўмгача субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилган. Шунингдек, фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми дастлабки 5 йил давомида давлат томонидан қоплаб берилади.
2024–2025 йилларда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш масаласида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бош бошқармаларига келиб тушган мурожаатлар таҳлилига кўра, 2024 йилда жами 5 528 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 3 822 таси ёки 69 фоизи ижобий ҳал қилинган. 2025 йилда эса мурожаатлар сони 3 509 тани ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 37 фоизга камайган. Шу билан бирга, ижобий ҳал қилинган мурожаатлар улуши 91 фоизгача ошгани ипотека субсидиялари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб олий малака тоифасига эга ва камида 15 йиллик иш стажига эга педагоглар учун ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплашга қаратилган янги субсидия механизми жорий этилгани қайд этилди. Ушбу мақсадлар учун ҳар йили давлат буджетидан 200 млрд сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган.
Тадбирда ипотека субсидиялари тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, «subsidiya.idm.uz» платформаси орқали субсидия учун аризаларни инсон омилисиз автоматик баҳолаш тизими жорий этилгани, аризаларни кўриб чиқиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилгани таъкидланди. Бу эса тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Очиқ мулоқот давомида ипотека бозорида янги молиявий инструментларни жорий этиш бўйича режалар ҳам маълум қилинди. Жумладан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб тажриба-синов тариқасида мақсадли ипотека омонати механизмини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, мазкур инструмент аҳолининг бошланғич бадални шакллантириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, ипотекани кафолатлаш жамғармасини ташкил этиш орқали аҳолининг ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, тижорат банклари таваккалчиликларини камайтириш ва янги ипотека маҳсулотларини жорий этиш назарда тутилгани қайд этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









