Стартаплар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди
2026-05-08 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–59-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Тадбирда соҳани ривожлантиришга масъул вазирлик ва идоралар, венчур жамғармалар вакиллари, халқаро молия институтлари экспертлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури мутахассислари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари, иқтисодиёт ва молия бошқармалари ўринбосарлари ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича масъул ходимлар иштирок этди.
Муҳокамалар давомида “Стартаплар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концепциясида назарда тутилаётган асосий йўналишлар, жумладан: — стартап экотизими иштирокчиларининг ҳуқуқий мақоми;
— стартапларни рўйхатдан ўтказиш тартиби;
— венчур фондлар ва инвесторлар ҳуқуқлари;
— стартапларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари;
— интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
— инновацияларни тижоратлаштириш;
— ҳудудларда стартап экотизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашув давомида “стартап”, “стартап лойиҳа”, “институционал инвестор”, “венчур фонд”, “бизнес-ангел”, “акселератор” ва “инкубатор” каби асосий тушунчаларни қонунчиликда мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ҳудудларда стартап ташаббусларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича семинар-тренинг ташкил этилиб, унда “IT Park”, “UzVC” Миллий венчур фонди ҳамда “Aloqa Ventures” вакиллари томонидан стартап лойиҳаларни молиялаштириш ва ривожлантириш бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Якунда стартап экотизимини ривожлантириш, ҳудудларда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан билдирилган таклифлар кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ўрганилиши маълум қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




