Бухгалтерия ҳисоби тизимини ва уни халқаро стандартларга ўтказишнинг муҳим устувор йўналишлари белгиланди
2024-07-12 15:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Бунда қуйидаги устувор йўналишлар белгилаб олинди:
1) МҲХСни татбиқ этадиган ташкилотларни сифат мезонларига асосланган аниқ синфларга бўлиш:
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (ЖАЭТ, Public-interest entities (PIE) тушунчасини ҳуқуқий мақомини белгилаш ва улар рўйхатини шакллантириш. Ушбу ташкилотларни 2026 йил 1 январдан бошлаб Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасидаги барча ташкилотлар тўлиқ МҲХСга мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий ҳисоботларни тузиши ва уларнинг аудиторлик хулосалари билан биргаликда эълон қилинишини ташкил этишини белгилаш.
2) Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини (БҲМС) халқаро тамойилларга мувофиқлаштириш:
Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларини унификация қилиш орқали МҲХСга уйғунлашган Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини (МҲМС) ишлаб чиқиш ва уни тадбиркорлик субъектлари (МҲХСга ўтиши белгиланган ташкилотлар бундан мустасно) фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш.
3) Тадбиркорлик субъектларини МҲХСни қўллай оладиган кадрлар билан таъминлаш ва МҲХС бўйича ўқитиш харажатини қоплаш тартибини такомиллаштириш:
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасини янада кенгайтириш, МҲХСга ўтадиган ташкилотларни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш мақсадида амалдаги тартиб билан биргаликда ўттиз беш ёшдан ошмаган барча фуқароларга дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш харажатларини имтиҳондан муваффақиятли ўтганда қоплаб бериш. Шунингдек, ушбу амалиётни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтириш;
Ушбу ҳуқуқ ҳозирда олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари ва талабалари ҳамда давлат органи ходимларига 2025 йилнинг охирига қадар берилган.
Шунингдек, ўқитиш харажатларини қоплаб беришда халқаро аккредитациядан ўтган ўқув марказлари талабгорларининг бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон натижадорлиги қониқарсизлиги сабабли ўқитиш харажатларини қоплаб беришда аккредитациядан ўтган ўқув марказларига талабгорларнинг бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги тегишли фан бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда ушбу талабгорлар учун қоплаб бериш.
4) МҲХСни жорий этиш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш масалалари:
Ҳисобот йили давомида МҲХС тайёрловчи ташкилот тоифасига киритилган, МҲХСни биринчи марта қўллаётган юридик шахсларни қўллаб қувватлаш, харажатларни тежаш, ҳамда МҲХСга ўтиш бўйича йўл харита ва ҳисоб сиёсатини ўзгартириш учун имконият яратиш мақсадида МҲХСга ўтиш санаси ҳисобот давридан кейинги даврнинг боши – 1 январь этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, МҲХСга мувофиқ намунавий молиявий ҳисобот шакллари шунингдек, ҳисобварақларни ишлаб чиқиш;
молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи мониторингини ўтказиш ва кўриб чиқиш тартибини ишлаб чиқиш ва ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;
молиявий ҳисоботларни йиғишни ва сақлашни таъминлайдиган Ягона ҳисоботлар тизими базасида молиявий ҳисоботлар базасини шакллантириши ҳамда доимий равишда юритилишини таъминлаш бўйича таклифлар киритилган.
5) Бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатларини ва илғор тажрибасини ўрганиш натижалари асосида янги таҳрирдаги “Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини шунингдек, Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятини 2025–2030 йилларга ривожлантиришга доир концепцияларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
6) Бухгалтерия ҳисоби, жумладан, МҲХС ҳамда аудитга доир масала ва муаммоларни кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш мақсадида вазирлик ҳузурида малакали мутахассис ва амалиётчилар, илмий педагоглар, хорижий экспертлардан иборат бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси бўйича эксперт гуруҳини (Кенгаш) ташкил этиш.
- Бухгалтерларни сертификатлаштиришнинг миллий тизимини яратишга ҳамда бухгалтерлар ва аудиторлар касбининг ҳуқуқий мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга доир бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Бунда:
профессионал бухгалтерлар учун Таълимнинг халқаро стандартларига мувофиқ, даражали ва модулли ёндашувга асосланган миллий сертификатлаштиришнинг янги тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
инвесторларнинг қарорлар қабул қилишда фойдали бўлган, глобал миқёсда таққосланадиган барқарорлик билан боғлиқ маълумотларни олишлари учун инвестор ва компаниялар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлашга мўлжалланган МҲХС Барқарорлик стандартларини (IFRS Sustainability Standards) жорий қилиш;
иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини ўлчаш ва ҳисобот бериш усули ҳисобланган “яшил бухгалтерия”га (Green accounting) ўтиш;
республика ҳудудида бухгалтерлар ва аудиторлар учун ХБФнинг Профессионал бухгалтернинг халқаро одоб-ахлоқ кодексини кенг тарғиб этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, соҳада меҳнат қилаётган кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб, республикада фаолият юритаётган бухгалтерлар ва аудиторларнинг шарафли, машаққатли ҳамда ўта масъулиятли касбини муносиб рағбатлантириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳага ёшларни кенг жалб этиш мақсадида 9 декабрь санасини “Ўзбекистон Республикаси бухгалтерлар ва аудиторлар куни” деб эълон қилиш таклифлари белгиланган.
Мазкур қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси порталига 2024 йил 12 июлда жойлаштирилди. Қарор лойиҳаси юзасидан муҳокама иштирокчиларидан таклифлар (изоҳлар) қуйидаги ҳаволалар орқали билдирилиши мумкин: https://regulation.gov.uz/oz/d/101485
Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоби тизимини янада такомиллаштириш ҳамда МҲХСга ўтишни рағбатлантиришга доир таклифларни қамраб олган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари эълон қилиниб борилади.
