Бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолияти соҳасида 2026 йил биринчи чораги якунлари: амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар
2026-05-06 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Биринчидан, Ўзбекистон молия ва капитал бозорларида шаффофликни ошириш, халқаро инвесторлар ишончини кучайтириш, натижада мамлакатнинг суверен ва корпоратив рейтингларини яхшилаб, узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида жамият ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг янги тоифаси – Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public interest entities – PIE) сифатида ҳуқуқий мақоми жорий қилинди.
Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (ЖАТ) тоифасига киритиш мезонлари, уларнинг молиявий ҳисоботлари ва аудитига қўйиладиган талаблар ҳамда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан (р/р.: 3736, 27.12.2025 й.) Жамоат аҳамиятига эга ташкилотларнинг 2026 йил 1-чорак учун Реестри шакллантирилди.
ЖАТ тоифасига қуйидаги ташкилотлар киритилди:
қимматли қоғозлар фонд биржасининг листингига киритилган ва оммавий савдоларга чиқариладиган (Publicly Traded Entity) ташкилотлар;
тижорат банклари, микромолия банклари, микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ва кафолатлар бериш ташкилотлари, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари;
инвестиция фондлари;
биржалар;
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиз ва ундан ортиқ бўлган ҳамда бир вақтнинг ўзида кетма-кет охирги икки календарь йил давомида мазкур Мезонларнинг 6-банди «а» кичик бандига мувофиқ келадиган ҳамда маҳсулот, товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган йиллик соф тушуми ва дивиденд шаклидаги даромадлари биргаликда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ва ундан ортиқ бўлган давлат иштирокидаги корхоналар;
бир вақтнинг ўзида кетма-кет охирги икки календарь йил давомида ҳисобот йили якунларига кўра:
а) активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ва ундан ортиқ;
б) маҳсулот, товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган йиллик соф тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ва ундан ортиқ;
д) ходимларининг ўртача йиллик сони беш юз нафардан кам бўлмаган ташкилотлар.
Иккинчидан, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасини янада кенгайтириш, МҲХСга ўтадиган ташкилотларни салоҳиятли кадрлар билан ва МҲХС бўйича малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида барча фуқароларга халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонни муваффақиятли топширганда имтиҳон харажатларини 2026–2028 йил якунига қадар Республика буджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни муваффақиятли топшириш харажатларини қоплашнинг вақтинчалик регламентини тасдиқлаш тўғрисида» қарори ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Учинчидан, Ўзбекистон молия бозори, хусусан, капитал бозорини халқаро даражада тан олинишини таъминлаш орқали унинг халқаро рейтингини ошириш мақсадида Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари ўрнига МҲХСга уйғунлаштирилган ҳолда янги Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартлари ишлаб чиқилиб, 2027 йил 1 январдан босқичма босқич жорий этиш тасдиқланган. Шунга асосан, илк бор «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари» (буйруқ рақами 345, 2026 йил 12 март) МҲМС стандарти ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда молиявий ҳисобот тизимини янги босқичга олиб чиқиб, халқаро стандартларга уйғунлашув жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Тўртинчидан, МҲХСни жорий этиш жараёнларини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бир қатор имконият ва енгилликлар берилмоқда. Жумладан, бухгалтерия ҳисоби соҳасида ташкил этилган «Методологик кенгаш» йиғилишилари бўлиб ўтди ҳамда соҳа ва тармоқларда МҲХСни жорий қилиш бўйича муаммоларни ўрганиш, аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилди.
Бешинчидан, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва илғор тажрибасини ўрганиш натижалари асосида янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси (ID-7833) Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
2. МҲХСлар олдинги йилларда киритилган ўзгартиришлар бўйича давлат тилига таржима қилинди ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни тан олиш тўғрисида»ги буйруғи (р/р.: 3400-1, 2026 йил 6 март) билан Республика ҳудудида қўллаш учун тан олинди.
Ўзбекистон Республикасида бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциациясига (АCCА) аъзо (Member va Affiliate) мақомига эга мутахассислар – 123 нафар, DipIFR ACCA дипломига эга мутахассислар – 618 нафар, «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот (FR)» фанидан имтиҳонни муваффақиятли топширганлар – 1157 нафар, «Аудит ва ишонч билдириш хизматлари (АА)» фанидан имтиҳонни муваффақиятли топширганлар – 439 нафар, CIPA, CAP, CPA – 170 дан ортиқ жами 2 500 га яқин халқаро сертификатга эга мутахассислар мавжуд.
ИИ. Аудиторлик фаолияти соҳасида
1. Аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг халқаро ва замонавий қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, Республикамизда аудиторлик хизматлари бозорининг умумий тавсифига кўра, 2026 йил 1-чораги ҳолатида аудиторлик ташкилотларининг сони – 176 та, аудитор малака сертификатига эга бўлганлар сони 1 337 нафарга етди.
2. Аудиторлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва уларни давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича «Аудит» дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ҳозирги вақтда «Аудит» дастурий мажмуаси http://audit.mf.uz ва https://audit.imv.uz веб-саҳифаларида ишлаб келмоқда.
3. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича:
2026 йил январь ойидан бошлаб Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш (ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК) миллий тизимини ўзаро баҳолашнинг ИИИ раундига тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Аудит халқаро стандартларининг (АХС) давлат тилига таржима қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. АХСлар таржимасининг биринчи ва иккинчи босқичлари якунланиб, барча 50 та АХСлар таржимонлар томонидан таржима қилиниб, якуний таржималар малакали мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
