Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда бандликни ошириш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказилди
2026-05-05 15:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамраислигида ўтказилди. Давра суҳбатида 100 нафарга яқин иштирокчи, жумладан, халқаро молия институтлари, давлат идоралари, тижорат банклари, хусусий сектор, венчур фондлар ҳамда таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Сессия тадбир модератори, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаковнинг кириш сўзи билан бошланди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани томонидан очилиш нутқлари тақдим этилди.
Тадбир давомида Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин асосий тақдимот билан чиқиш қилди.
Шундан сўнг қуйидаги иштирокчилар томонидан чиқишлар қилинди:
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки бош менежери Мади Кабдрагалинов;
- Ислом тараққиёт банкининг Олмаота минтақавий хаби раҳбари вазифасини бажарувчи Али Хан;
- БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии;
- Осиё тараққиёт банкининг молия сектори бўйича бош мутахассиси Эндрю МакКартни;
- KfW банкининг бош портфолио менежери Яссин Бен Саид;
- Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг Ўзбекистондаги вакили Алексей Шевченко;
- Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси катта вакили ва биринчи ўринбосари Накамура Эри;
- Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) дастур раҳбари Беате Шорайт.
Давра суҳбати мамлакатда меҳнат бозорига ҳар йили кириб келаётган аҳолининг бандлигини таъминлаш, барқарор ва кенг кўламли иш ўринлари яратишда кичик ва ўрта бизнеснинг ролини кучайтириш масалаларига бағишланди.
Тадбир давомида халқаро молия институтлари ва ривожланиш ҳамкорлари томонидан амалга оширилаётган дастурларни мувофиқлаштириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча молиялаштириш манбаларини сафарбар этиш муҳокама қилинди.
Тадбирнинг асосий мақсади халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш, амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган ташаббусларни миллий устувор йўналишларга мослаштириш, молиялаштириш ва сиёсий бўшлиқларни аниқлаш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнеснинг унумдорлиги, рақобатбардошлиги ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш учун қўшимча ресурсларни, жумладан, хусусий капитални сафарбар этишга қаратилди.
Муҳокамалар қуйидаги устувор йўналишга жамланди:
- бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш;
- молиялаштириш имкониятлари;
- хусусий ресурсларни сафарбар этиш;
- бизнес инфратузилмасини ривожлантириш.
Шунингдек, иштирокчилар мавжуд дастурлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда юзага келиши мумкин бўлган камчиликларнинг олдини олиш учун қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Мазкур давра суҳбати манфаатдор томонларни бирлаштириш, дастлабки мажбуриятларни шакллантириш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда бандликни оширишга қаратилган кенг кўламли ҳамкорлик учун замин яратди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









