АБДУЛЛА ОРИПОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 85 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ
2026-04-30 17:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур тадбир буюк шоир хотирасини ёд этиш, унинг бой ва теран маънога эга ижодий меросини яна бир бор англаш, ёшлар онгига сингдириш ҳам ўзида мужассам этди. Тадбир давомида Абдулла Орипов ижодининг бетакрор жозибаси, ундаги Ватанга муҳаббат, инсонийлик, ҳалоллик ва эзгулик ғоялари алоҳида эътироф этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова ўз нутқида шоир ижодининг нафақат бадиий-эстетик қиммати, балки унинг чуқур фалсафий моҳияти ва миллий ўзликни ифодалашдаги беқиёс ўрнини таъкидлаб ўтди. У шоир меросини фақат ёдга олиш билангина чекланиб қолмасдан, уни англаш, ёш авлод тарбиясида самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Тадбирда шоирнинг оила аъзолари – рафиқаси Ханифа ая Мустафаева ҳамда қизи Шоирахон Орипованинг ўзларининг самимий хотиралари билан ўртоқлашди. Улар ўз сўзларида Абдулла Ориповни нафақат улкан истеъдод соҳиби, балки меҳрибон ота, камтар ва покиза қалбли инсон сифатида ёдга олдилар. Ушбу хотиралар тадбир иштирокчиларида чуқур таассурот уйғотди.
Тадбир давомида шоирнинг шеърий меросидан фото ва видео лавҳалар намойиш этиди. Унинг асарларидаги теран фикрлар ва юксак туйғулар яна бир бор қалбларни жунбушга келтирди. Бу – тадбир иштирокчилари хусусан, ёшларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган ушбу тадбир ҳам халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим воқеа сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни бойитиб, келажак авлодга етказиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси








