Бухгалтерлар учун халқаро имтиҳон харажатлари давлат томонидан қопланади
2026-04-30 16:10:00 / Вазирлик янгиликлари
Ўзбекистонда бухгалтерларни халқаро сертификатлашни қўллаб-қувватлаш доирасида 2020–2025 йиллар давомида 4200 дан ортиқ талабгор учун халқаро имтиҳон ва ўқиш харажатлари учун жами 11,06 млрд сўм маблағ давлат бюджетидан қоплаб берилди. Натижада 671 нафар талабгор халқаро имтиҳонларни муваффақиятли топширган.
Мазкур амалиётнинг мантиқий давоми сифатида, бухгалтерларни халқаро даражада тайёрлашни янада рағбатлантириш мақсадида янги тартиб жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелда 210-сонли қарори билан Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик Низом тасдиқланди. Қарорга мувофиқ, 2026–2028 йиллар давомида халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларнинг харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.
Янги тартибга кўра бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш қуйидагича амалга оширилади:
бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар (талабгорлар) учун дастлабки рўйхатдан ўтиш ва тегишли фан бўйича имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилади;
талабгорларнинг дастлабки рўйхатдан ўтиши ва имтиҳон топшириши 2026 йил 1 майдан 2028 йил 31 декабргача бўлган даврда амалга оширилган тақдирда, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги харажатлари қоплаб берилади;
харажатларни қоплаш учун ариза берувчилар халқаро тан олинган ташкилотлар (АCCА, CPА, ICAEW ва бошқалар) доирасидаги тегишли фанлардан муваффақиятли имтиҳон топширган бўлишлари талаб этилади ва қоплаб бериладиган харажатлар таркибига халқаро ташкилотлар томонидан белгиланган имтиҳон тўловлари киради;
имтиҳонни муваффақиятли топширган талабгорлар аризаларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiya.mf.uz электрон платформаси орқали тақдим этади. Шунингдек, талабгорлар учун аризаларни 2026 йил 1 июлдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратилади. Аризага биометрик паспорт ёки ИД карта маълумотлари, имтиҳон харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда имтиҳонни муваффақиятли топширганлик ҳақидаги сертификат илова қилинади;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ариза келиб тушган кундан бошлаб 7 иш куни ичида харажатларни қоплаш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади, имтиҳон топшириш харажатлари Республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Мазкур имтиёз соҳа мутахассисларининг халқаро малакага эга бўлишини рағбатлантириш ҳамда республикада молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) кенг жорий этишга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
