Электр энергияси ва табиий газ соҳаларида илк бор активларнинг тартибга солинадиган базаси асосидаги нархларни жорий этишнинг дастлабки босқичи тўғрисида маълумот
2026-04-29 09:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Иқтисодиётнинг барқарор ривожланиш шароитида электр энергияси ва табиий газга бўлган талабнинг ортиб бориши, тармоқ инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш заруратидан келиб чиқиб, нархларни белгилашнинг шаффоф меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, активларнинг тартибга солинадиган базаси (АТБ) услубиётини жорий этиш Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий базасини халқаро миқёсда тан олинган нархларни тартибга солиш амалиётига мувофиқлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Ушбу ислоҳот жаҳон тажрибасига таяниб халқаро мутахассислар ва молия институтлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
АТБ услубиёти истеъмолчилар ҳамда тартибга солинадиган корхоналар учун нархларни белгилашнинг янада шаффофлигини таъминлайди ҳамда режалаштириш учун имконият яратади. Бундай ёндашув корхоналарга фақат самарали операцион харажатларни ва амортизация харажатларини қоплаш ҳамда киритилган инвестициядан даромад олиш имконини беради.
Бунинг натижасида барчага тушунарли нарх шакллантириш тизими жорий этилади, ёқилғи-энергетика корхоналарининг молиявий ҳолати яхшиланади, халқаро кредит рейтинг даражаси ошади ва молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритилишини рағбатлантиради.
Бундан ташқари мазкур услубиётни жорий этиш, энергетика тизимларини модернизация қилиш ва кенгайтириш учун инвестицияларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ёқилғи-энергетика инфратузилмасида барқарорликни таъминлаш, технологик йўқотишларни камайтириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этиш йирик миқдордаги капитал қўйилмаларни талаб этади. Шаффоф меъёрий-ҳуқуқий база истеъмолчилар ҳамда инвесторлар ўртасида ишончли ҳамкорликни ошириш билан бир қаторда маҳаллий ва халқаро молиялаштириш имкониятларини яратади.
Бу эса, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда киритиладиган капитал қийматини пасайтиришга ёрдам беради ва стратегик инфратузилма лойиҳаларини янада барқарор молиялаштириш имконини беради, шу билан бирга, истеъмолчилар учун янада рақобатбардош нархларни қўллаб-қувватлайди.
Навбатдаги муҳим қадам узоқ муддатли тартибга солиш воситаларини босқичма-босқич жорий этишдир. Бу ҳам истеъмолчилар, ҳам тартибга солинувчи корхоналар учун нархларнинг олдиндан прогноз қилинишини сезиларли даражада оширади ҳамда мувозанатли нарх сиёсатини амалга оширишга ёрдам беради, шунингдек нархларга босқичма-босқич ва тартибли ўзгартиришлар киритиш имконини яратади. Шу билан бирга, энергетика корхоналарнинг талаб қилинадиган даромадларини қоплаш ҳамда истеъмолчиларга ишончли ва сифатли хизмат кўрсатишда давом этишини таъминлайди.
Шу билан бирга, электр энергетика ва табиий газ тармоқларида фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида барқарорликка асосланган тартибга солиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.
Бу механизмлар корхоналарни уларнинг харажатларини мақбуллаштириш, йўқотишларни камайтириш, энергоресурслар билан таъминлаш ва етказиб беришда ишончлиликни ошириш ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш стандартларини такомиллаштиришни рағбатлантиради. Пировардида истеъмолчилар янада самарали ва ишончли энергия хизматлари билан таъминланади.
Қайд этиш жоизки, электр энергияси ва табиий газ соҳаларида АТБ асосидаги тартибга солишнинг жорий этилиши Ўзбекистон энергетика соҳасининг кенг қамровли трансформациясини қўллаб-қувватлайдиган муҳим институционал ислоҳотдир. Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошириладиган ушбу ислоҳот молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, операцион самарадорликни ошириш ва тартибга солиш шаффофлигини таъминлаш орқали мамлакатимизнинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш ва энергетик хавфсизлик мақсадларига эришишни таъминлай оладиган замонавий ҳамда мустаҳкам энергетика тизимини яратишга ёрдам беради.
Юқорида келтирилган шаффофлик тамойилларига мувофиқ, 2026 йилда (1 сентябрга қадар) АТБни жорий этишнинг дастлабки босқичида нархларни белгилаш учун қўлланилиши кутилаётган асосий кўрсаткичлар билан қуйидаги жадвал орқали танишишингиз мумкин. Ушбу кўрсаткичлар бозор иштирокчиларига тартибга солиш ёндашуви ҳамда мазкур тизим асосидаги муҳим фаразлар бўйича умумий тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
АТБ асосидаги тартибга солишнинг дастлабки жорий этилишида, шунингдек, 2024 ва 2025 йилларда тарифлар қайта кўриб чиқилгандан сўнг нархлар ўз-ўзини қоплаш даражасига яқинлашиши кутилмоқда.
Янги услубиётга асосан электр энергиясини ишлаб чиқариш нархи 9 фоиз атрофида, етказиб бериш хизмати 30 фоиз ва тақсимлаш хизмати 10 фоиз атрофида ҳамда табиий газни тақсимлаш хизмати нархи 23 фоиз атрофида ошиши прогноз қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, электр энергияси ҳамда табиий газни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлаш харажатларининг якуний истеъмолчилар учун белгиланган тарифдан ошган қисми Давлат бюджетидан маблағ ажратиш орқали қопланади.
2026 йилда ёқилғи-энергетика соҳаси тарифлар ҳисоб-китобида активларнинг тартибга солинадиган базасини (АТБ) жорий этишнинг дастлабки кўрсаткичлари
|
Кўрсаткичлар |
Ёндашув |
|
Тартибга солиш даври |
Дастлаб, тарифларни тартибга солиш даври 1 (бир) йилга белгиланади, кейинчалик босқичма-босқич 5 (беш) йилгача узайтирилади |
|
АТБ таркиби |
– Асосий воситалар ва номоддий активлар – Айланма капитал |
|
Асосий воситалар ва номоддий активлар |
Активлар корхоналарнинг МҲХСга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисоботлари асосида аниқланади. Бунда, тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширишда фойдаланиладиган ёки фойда келтирадиган активлар инобатга олинади
Беғараз олинган асосий воситалар ва номоддий активлар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар ва норматив муддатда (белгиланган муддатда) ишга туширилмаган ускуналар АТБ таркибига киритилмайди |
|
Айланма капитал (АК) |
АК барча тартибга солинадиган ташкилотларнинг жорий фаолиятини молиялаштириш учун АТБ ҳисоб-китобига киритилади ва қуйидаги формула орқали аниқланади: AK = TDAK X AKED/365 бунда: TDAK — айланма капитални аниқлашда ҳисобга олиниши керак бўлган талаб қилинадиган даромаднинг таркибий қисмлари; AKED — тартибга солинадиган ташкилотларнинг айланма капиталга эҳтиёжи бўлган давр (кунлар). AKED тартибга солувчи орган томонидан амалдаги молиявий фаолият натижаларидан келиб чиқиб белгиланади (дастлабки босқичда 30 кун миқдорида белгиланади). |
|
Операцион харажатлар |
Корхоналар томонидан киритиладиган тариф сўровининг бир қисми сифатида тартибга солувчи орган томонидан кўриб чиқилади Операцион харажатларни қайта кўриб чиқишда инфляция даражаси инобатга олинади Харажатлар ёқилғи-энергия ресурслари сарфини тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларни ўзида акс эттиради |
|
Капиталнинг ўртача қиймати (WАCC) |
Номинал, сўмда кўрсатилган, корхонага қараб |
