Ўзбекистонда Барқарорлик стандартларини жорий этиш бўйича муҳим қадам ташланди
2026-04-23 16:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур келишув Халқаро барқарорлик стандартлари кенгаши (ISSB) томонидан ишлаб чиқилган Барқарорлик стандартларини Ўзбекистонда тўлиқ жорий этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос яратади. Бу эса мамлакатимизни глобал молиявий ахборот тизимининг ажралмас қисмига айлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ-282-сон қарори билан белгиланган вазифаларнинг амалий ижросидир. Мазкур қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар томонидан МҲХСнинг барқарорлик стандартларини жорий этиш белгиланган. Эндиликда имзоланган шартнома ушбу жараённи тезлаштириш, уни халқаро талаблар даражасида ва тизимли равишда амалга ошириш имконини беради.
Барқарорлик стандартлари бугунги кунда жаҳон молия тизимининг энг муҳим элементларидан бирига айланиб бормоқда. Улар орқали компаниялар нафақат молиявий натижаларини, балки экологик, ижтимоий ва бошқарув омилларига оид маълумотларни ҳам ошкор этади. Бу эса инвесторлар, кредиторлар ва бошқа манфаатдор томонлар учун янада тўлиқ ва ишончли ахборот манбасини яратади. Айниқса, иқлим ўзгариши, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ижтимоий масъулият каби глобал муаммолар кучайиб бораётган бир пайтда бундай стандартларнинг аҳамияти янада ортмоқда. Мамлакатимиз Барқарорлик стандартларини қабул қилувчи юрисдикциялар ишчи гуруҳига (Jurisdictional Adopters Working Group – JAWG) аъзо бўлиб, мазкур йўналишда “кузатувчи” эмас, балки фаол иштирок этувчи давлат сифатида ўз позициясини намоён этмоқда.
Шу тариқа, имзоланган шартнома нафақат техник ёки ҳуқуқий ҳужжат, балки Ўзбекистоннинг очиқ, шаффоф ва барқарор иқтисодиёт сари қатъий қадам ташлаётганининг яққол ифодасидир. Бу эса яқин йилларда инвесторлар учун шаффофликни ошириш орқали мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини кучайтириш, халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш ва узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
