Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари Марказий Осиёда иқлим инвестициялари йўллари мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этишди
2026-04-23 14:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур тадбир 2026 йил 22–24 апрель кунлари Остона шаҳрида ўтказилаётган йирик минтақавий иқлим тадбирлари, хусусан, Марказий Осиё иқлим конференцияси ва Минтақавий экологик саммит доирасида ташкил этилди.
Давра суҳбатининг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатларида иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда мослашиш чораларини амалга ошириш учун инвестицияларни кенгайтириш, иқлим молиясини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилиш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчилар энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида яшил лойиҳаларни ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кучайтириш, иқлим лойиҳаларини тайёрлаш ва молиялаштириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган инвестицияларни кенгайтириш бўйича фикр алмашди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов нутқ сўзлаб, мамлакатда яшил иқтисодиётга ўтиш ҳамда яшил инвестицияларни жалб қилиш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, электр транспорт воситаларини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, углерод савдоси механизмларини жорий этиш, энергетика секторида амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар ҳамда яшил молиялаштиришни жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар иқлим молиясини кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали Марказий Осиёда барқарор ва иқлимга чидамли ривожланишни таъминлаш муҳимлигини қайд этди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


