“Raiffeisen Bank International” (RBI) банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-04-23 00:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: “Raiffeisen Bank International” (RBI) — Австрияда жойлашган, Марказий ва Шарқий Европа минтақасида фаолият юритувчи етакчи халқаро банк гуруҳларидан бири бўлиб, корпоратив ва инвестицион банк хизматларини кенг кўламда тақдим этади.
Банк халқаро молия бозорларини маҳаллий бозорларга боғлашда муҳим рол ўйнаб, капитал бозорлари ва депозитар хизматлари йўналишларида комплекс ечимларни таклиф этади ҳамда ривожланаётган мамлакатларда молиявий инфратузилмани ривожлантириш ва инвестиция оқимларини кенгайтиришга фаол ҳисса қўшади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ижобий натижалар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, мамлакатимиздаги макроиқтисодий тенденциялар, жумладан, иқтисодий ўсиш ва инфляция кўрсаткичларининг ижобий динамикаси таъкидлаб ўтилди.
Райнер Шнабл ривожланаётган бозорлар орасида Ўзбекистон ислоҳотларни фаол олиб бораётган мамлакатлар қаторига киришини қайд этди ҳамда мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорлик инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, халқаро молия бозорларида Ўзбекистон томонидан миллий валютада 12,2 триллион сўмлик суверен халқаро облигациялар 12,25 фоизда жойлаштирилганлигини юқори баҳолади.
Ўзбекистон ички молия бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида RBI томонидан кастодиан хизматларини йўлга қўйиш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилаётгани таъкидланди.
Учрашув доирасида RBI ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ўртасида корреспондентлик муносабатларини ўрнатиш ҳамда ҳисобварақ очиш бўйича шартнома имзоланди. Шунингдек, Марказий банкда ҳисобварақ очилганлиги тўғрисида расмий тасдиқнома RBI вакилларига тақдим этилди.
Хорижий инвесторларнинг давлат қимматли қоғозлари бозорига жалб этилиши инвесторлар базасини диверсификация қилиш ҳамда фоиз ставкаларини пасайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида RBI Бошқарув кенгаши аъзоси Райнер Шнабл билан Ўзбекистонда ички молия бозорини, жумладан давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш учун ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



