Ўзбекистон “Water Forward” глобал ташаббусига қўшилди
2026-04-18 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур тадбирда Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, халқаро молия институтлари раҳбарлари ҳамда турли давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди.
“Water Forward” ташаббуси сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда қурғоқчилик ва сув тошқинларига чидамлиликни ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.
Ташаббус доирасида иштирокчи давлатлар сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш, институтлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари, ҳукуматлар, хусусий сектор ва бошқа ҳамкорлар билан кенг кўламли ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўладилар.
“Water Forward” ташаббуси доирасида асосий инструмент сифатида миллий сув пактлари ишлаб чиқилади. Ушбу пактлар орқали мамлакатлар сув соҳасидаги устувор ислоҳот йўналишларини белгилаб, уларни амалга ошириш учун зарур молиявий ва институционал ресурсларни жалб этади.
Тадбирда 14 та давлатдан иборат биринчи гуруҳ “Water Forward” ташаббусига қўшилгани эълон қилинди. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам мавжуд бўлиб, мамлакат Жаҳон банки билан ҳамкорликда миллий сув пактини ишлаб чиқди.
Мазкур пакт Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига тўлиқ мос келади ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ирригация тизимидаги йўқотишларни камайтириш, аҳолининг тоза ичимлик суви ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштиришни назарда тутади.
Хусусан, 2030 йилгача камида 3,8 миллион аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлаш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув йўқотишларини 25 фоизга камайтириш ҳамда сув инфратузилмасига йирик инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.
Тадбир якунида Ўзбекистон томони халқаро ҳамкорлар билан биргаликда сув хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни изчил давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




