Ипотека дастурида иштирок этаётган тижорат банклари сони 16 тага етди
2026-04-17 15:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур Ипотека дастурига кўра, дастурда иштирок этувчи банклар томонидан 40 121 нафар фуқарога ажратилган 12 250,2 млрд сўмлик ипотека кредитлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштирилиши белгиланган.
Шу билан бирга, ипотека кредитлари бўйича Давлат бюджетидан тўлаб бериладиган жами субсидиялар миқдори 2 701,5 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 30 минг нафар фуқарога уй-жой сотиб олишда дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 900,0 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
Ушбу Давлат дастурини самарали амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 9 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Invest Finance Bank” акциядорлик жамияти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум доирасида ҳар йили тасдиқланадиган ипотека Давлат дастурлари асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ипотека бозорига молиявий ресурсларни жалб этиш, иштирокчиларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш ҳамда ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мустаҳкам институционал асос яратилади.
Ҳозирги вақтда ипотека дастурида иштирок этаётган тижорат банклари сони 15 тани ташкил этган бўлса, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Invest Finance Bank” ўртасида мазкур меморандум имзоланиши натижасида иштирокчи банклар сони 16 тага етказилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
