Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани билан учрашув бўлиб ўтди
2026-04-17 12:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланиш бўйича директори Самеҳ Ваҳба ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар жорий макроиқтисодий тенденциялар, жумладан иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция даражаси, ташқи сектор ҳолати ва бюджет сиёсати параметрлари, шунингдек, ўрта муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларини муҳокама қилдилар.
Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бориши, жумладан таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларидаги лойиҳалар, шунингдек, уларнинг самарадорлигини ошириш чоралари кўриб чиқилди.
Шунингдек, бюджетни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш, инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш, молиялаштириш воситаларини такомиллаштириш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес, аёллар тадбиркорлиги ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Рақамли трансформация, замонавий технологиялар, жумладан сунъий интеллект элементларини жорий этиш, шунингдек, институционал ривожланиш йўналишлари алоҳида кўриб чиқилди.
Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик баҳорги йиғилишлари доирасида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди.
Хусусан, “Бишкек–Душанбе–Термиз” халқаро автомобиль йўлининг М41 участкасини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича келишувларга эришилди. Лойиҳа доирасида қарийб 97 км йўл замонавий халқаро стандартларга мос равишда реконструкция қилинади, жумладан йўл тўрт полосагача кенгайтирилади ҳамда кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилади.
Шунингдек, REMIT дастури доирасида минтақавий энергетика инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси бўйича ҳужжатлар имзоланди. Мазкур лойиҳа 220 кВ кучланишдаги янги электр узатиш линияларини қуриш ва подстанцияларни модернизация қилишни назарда тутади ҳамда Фарғона водийсида электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, FINGROW лойиҳаси бўйича битимлар расмийлаштирилди. Ушбу лойиҳа кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, жумладан кафиллик механизмларини жорий этиш ва “яшил” ҳамда энергия самарадор лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мазкур ташаббусларнинг амалга оширилиши транспорт ва энергетика инфратузилмасини янада ривожлантириш, молиявий ресурсларга киришни кенгайтириш, тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
