58 дан 13 386 гача овоз: "Ташаббусли бюджет" ғолиблари эълон қилинди.
2026-03-21 11:30:00 / ОАВ биз ҳақимизда
"Ташаббусли бюджет" жараёнининг 2026-йилги биринчи мавсуми якунланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 21 мартга ўтар кечаси ғолиблар рўйхатини эълон қилди.
Республика бўйича жами 10 млн 284 минг овоз берилди ва умумий қиймати 3 трлн 5 млрд сўмлик 1996 та лойиҳа (1980 та анъанавий ва 16 та шериклик) ғолиб деб топилди. Жорий мавсумда битта лойиҳанинг максимал қиймати 1 млрд 648 млн сўмни (4000 БҲМ) ташкил этди.
Энг кўп овоз Кўкдала туманидан олинган - 13 386 овоз. Эътиборлиси, энг кўп овоз тўплаган 10 та лойиҳадан 6 таси Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида, 3 таси Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида илгари сурилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги лойиҳа энг кам - 58 та овоз билан ғолиб бўлди. Бу Султонбек Расбергеновнинг кўча ёритгичларини ўрнатиш ташаббуси.
Умуман олганда, ғолиб лойиҳаларнинг энг кўпи ички йўлларни таъмирлаш (868), мактабларнинг моддий-техник базасини таъмирлаш ва ривожлантириш (566), шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш (163) билан боғлиқ.
Интернет тармоғида тарқалаётган видеолавҳаларда ғолиб маҳаллалар аҳолиси ушбу воқеани байрамона - ўйин-кулги, шодлик ва мушакбозлик билан нишонлаётганини кўриш мумкин. Баъзилар байрамга олдиндан тайёргарлик кўриб, уни шарлар, тортлар ва эртак қаҳрамонлари образлари билан безатишди.
Маълумот учун, жорий йилнинг биринчи мавсуми 1 февраль куни старт олди. Лойиҳаларни қабул қилиш 1 февралдан 20 февралгача, уларни саралаш 21 февралдан 7 мартгача, тарғибот босқичи эса 8 мартдан 10 мартгача давом этди. Овоз бериш 20 март куни якунланди.
