Фарғона вилоятида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик битими имзоланди
2026-04-15 20:05:00 / Давлат хусусий шериклик эълонлар

Мазкур давлат-хусусий шериклик битими Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда хусусий шерик — “Vision International Investment Company” ва “KOC Construction Mekanik Elektrik FE LLC” компаниялари консорциуми ўртасида имзоланди.
Битим доирасида хусусий шерик томонидан мазкур замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартларга мувофиқ лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, жиҳозлаш ҳамда узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш назарда тутилган.
Янги тиббиёт мажмуаси Фарғона вилоятидаги бешта мавжуд ихтисослаштирилган муассасани ягона комплексга бирлаштиради ҳамда минтақа ва унга туташ вилоятлар аҳолисига илғор технологияларга асосланган тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Жумладан, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, органлар трансплантацияси, нефрология ҳамда ортопедия йўналишларида учинчи даражали тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.
Шифохона таркибида 160 ўринли интенсив терапия ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, шунингдек, барча ёрдамчи клиник хизматлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-308-сон Қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа давлат ва хусусий секторнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлигининг пилот намунаси сифатида эътироф этилмоқда.

