PMCG халқаро консалтинг компанияси вакиллари билан маҳаллий буджетларни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди
2026-04-14 19:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда PMCG трансферлар бўйича халқаро эксперт Жорж Табуашвили, харажатлар бўйича халқаро эксперт Стив Лидс ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Маҳаллий буджет тизимини такомиллаштириш департаменти бошлиғи Русланбек Маманов ва масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар фискал номарказлаштириш бўйича тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ҳамда маҳаллий буджетларни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида маҳаллий ижро этувчи ҳокимлик ва вакиллик органларининг буджетни бошқариш соҳасидаги ваколатлари, республика ва маҳаллий буджетлар ўртасидаги даромадлар ва харажатлар бўйича ваколат ва мажбуриятларни аниқ мезонлар асосида белгилаш, тенглаштирувчи, натижага асосланган ҳамда шаффоф қоидаларга асосланган буджетлараро муносабатлар тизимини жорий этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида томонлар буджет трансферлари тизими, уларнинг ҳудудлар кесимида тақсимланиши ҳамда трансферлар самарадорлигини ошириш бўйича ёндашувлар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар давлат молиясини бошқариш самарадорлигини ошириш, буджет жараёнларини такомиллаштириш ҳамда халқаро тажрибани кенг жорий этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



