Ўзбекистонда бухгалтерия соҳасида янги босқич: Молиявий ҳисоботнинг илк миллий стандарти тасдиқланди
2026-04-13 14:20:00 / Вазирлик янгиликлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек миллий бухгалтерия ҳисобини халқаро талабларга мослаштириш мақсадида илк бора “Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари” (рўйхат рақами 3810, 2026 йил 11 апрель) МҲМС стандарти ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда молиявий ҳисобот тизимини янги босқичга олиб чиқиб, халқаро стандартларга уйғунлашув жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Янги стандартнинг асосий мақсади – тадбиркорлик субъектлари томонидан шакллантириладиган молиявий ҳисоботларнинг ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва қиёсланувчанлигини оширишдан иборат. У ташкилотларда ҳисоб сиёсатини шакллантириш ва қўллаш, ҳисоб баҳоларини аниқлаш ҳамда хатоларни тузатишнинг ягона ва аниқ тартибини белгилаб беради.
Мазкур стандарт мулкчилик шаклидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган аксарият юридик шахслар учун татбиқ этилади (айрим махсус тоифадаги ташкилотлар бундан мустасно). Бу эса унинг кенг қамровли амалий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Стандартнинг жорий этилиши натижасида:
- молиявий ҳисоботларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги ошади;
- турли даврлар ва ташкилотлар кесимида қиёсланувчанлик таъминланади;
- бизнес ва инвесторлар учун очиқ ва тушунарли молиявий муҳит яратилади;
- кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун халқаро стандартларга яқинлашиш имконияти кенгаяди.
Шунингдек, ушбу ҳужжат халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган стандартларга мос равишда ишлаб чиқилгани билан ҳам аҳамиятли бўлиб, миллий ҳисоб тизимини глобал молиявий макон билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат нафақат техник стандарт, балки бухгалтерия тизимини янги босқичга олиб чиқувчи стратегик асос ҳисобланади. У миллий ҳисоб тизимини халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш орқали иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу стандартнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг миллий тизимини шакллантиришда янги даврни бошлаб бериб, соҳанинг янада ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
