Туркиянинг “Kalyon Holding” ва “Cengiz Holding” компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-06-28 19:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда “Kalyon Holding” компанияси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Лутфи Элван, “Cengiz Holding” компанияси Бош директори Аҳмет Cенгиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Тоғ-кон саноат ва геология вазири Бобир Исламов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этдилар.
Суҳбатда томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги инвестиция имкониятлари, турк компаниялари билан ҳамкорлик, Анқара шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми” ва унинг натижалари юзасидан фикр алмашдилар.
Маълумот учун: жорий йилнинг 5 июнь куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми” икки давлат ишбилармон доира вакиллари, инвесторлар, халқаро экспертлар ва мутахассислардан иборат 500 нафар иштирокчини бирлаштирди. Форум доирасида Ўзбекистон-Туркия иқтисодий ва бизнес доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди.
Мулоқот давомида инфратузилма лойиҳаларини шакллантириш, хусусан, тоғ-кон ва геология, транспорт, автомобил йўлларини қуриш соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқаро молия институтлари билан олиб борилаётган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш ҳамда кенгайтиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



