Халқаро валюта жамғармаси миссияси доирасида якуний учрашув бўлиб ўтди
2026-04-09 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ХВЖнинг Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё билан ишлаш бўлими катта иқтисодчиси Алехандро Симоне, ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов, Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий-молиявий ислоҳотлар, жумладан, макроиқтисодий барқарорликни таʼминлаш, инфлацияни изчил пасайтириш борасида эришилаётган натижалар ҳамда белгиланган устувор вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Хусусан, муҳокамалар давомида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди:
- иқтисодий-молиявий ислоҳотларни янада жадаллаштириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш;
- инфлация даражасини қатъий назорат остида ушлаб туриш;
- буджет жараёнларини самарали ташкил этиш, буджет кўрсаткичларини оптималлаштириш ҳамда давлат молиясини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш;
- божхона ва солиқ бошқарувини янада ривожлантириш;
- иқтисодиётда хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор ролини кенгайтириш.
Ўз навбатида, ХВЖ вакиллари томонидан Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатлари ҳамда истиқболдаги ривожланиш йўналишлари ижобий баҳоланиб, глобал иқтисодий ноаниқликларга қарамасдан макроиқтисодий кўрсаткичлар барқарор ўсиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишлари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш ҳамда тажриба алмашинувини кенгайтириш юзасидан келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



