Ўзбекистон ва Корея давлат молиясини бошқаришни рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқда
2026-04-08 23:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Ташрифнинг биринчи куни Абдулазиз Хайдаров Корея фискал ахборот хизмати президенти Юн Сок-Ҳо билан учрашув ўтказди. Унда давлат молиясини рақамлаштириш, замонавий ахборот тизимлари ва инновацион бошқарув ечимлари йўналишида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва амалий лойиҳаларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, делегация Кореяда жорий этилган илғор ечимлар билан яқиндан танишди. Хусусан, давлат молиясини бошқариш ахборот тизими — dBrain+, фискал маълумотлар ва таҳлилий платформалар, субсидияларни бошқариш тизими — e-Naradoum ҳамда соҳада сунъий интеллект технологияларини қўллаш тажрибаси тақдим этилди.
Ташриф доирасида кейинги босқичларда Корея Давлат молияси институти (KIPF) билан ҳамкорликда давлат молиясида сунъий интеллектга асосланган ислоҳотлар тажрибаси ўрганилади. Шунингдек, Корея Маҳаллий ахборот тизимларини тадқиқ этиш ва ривожлантириш институти (KLID)га ташриф буюрилиб, маҳаллий даражадаги молиявий бошқарув тизими — e-Hojo фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


