“Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш”ни режалаштириш ҳамда уни босқичма-босқич жорий этиш юзасидан семинар бўлиб ўтди
2026-04-07 19:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги СҚ-297-ИВ сонли қарорига мувофиқ, давлат ва маҳаллий бюджет лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни гендер экспертизасидан ўтказиш ҳамда гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни босқичма-босқич жорий этиш вазифалари белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ушбу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида “Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш”ни режалаштириш ҳамда уни босқичма-босқич жорий этиш юзасидан семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир доирасида гендер жиҳатларини давлат молиясини бошқариш тизимига интеграция қилишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган амалий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан масъул раҳбарлар гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни давлат молиясини бошқариш тизимига жорий этишнинг аҳамиятини таъкидладилар. Хусусан, мазкур механизм давлат харажатларини устувор йўналишлар асосида тақсимлаш, аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш, шунингдек бюджет жараёнларининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Семинар қуйидаги йўналишлар бўйича ташкил этилди:
— гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришнинг миллий ривожланиш мақсадларига эришишдаги ўрни;
— мазкур соҳада қонунчиликни тартибга солиш бўйича халқаро тажриба;
— Ўзбекистонда гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича миллий ҳуқуқий базани шакллантириш йўналишлари.
Тадбир давомида “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”, шунингдек, “Дастурий бюджетлаштириш жорий этилаётган пилот вазирлик ва идораларда гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича 2025–2026 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар” ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Жумладан, вазирлик ва идораларда гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш механизмларини жорий этиш бўйича дастлабки натижалар қайд этилди. Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда учта вазирликнинг 2026-йилги бюджет дастурларига гендер тенглиги бўйича мақсадли кўрсаткичларни киритиш юзасидан амалий кўмак кўрсатилгани таъкидланди.
Интерактив муҳокамалар давомида иштирокчилар қонунчилик базасини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқдилар.
Тадбир якунида гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни босқичма-босқич жорий этиш бюджет жараёнларида хотин-қизлар ва эркакларнинг манфаат ва эҳтиёжларини тўлиқ инобатга олиш, парламент назоратини кучайтириш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш бўйича миллий мажбуриятларни самарали амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









