Малайзиянинг «MIMOS Holding Sdn bhd» компаниясининг бош ижрочи директори бошчилигидаги делегация вакиллари билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-04-04 19:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда «MIMOS Holding Sdn bhd» компанияси вице-президенти Рамеш Кумар Надараджа, компаниянинг инвестициялар бўйича бош директори Азима бинту Абдул Қодир ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд алоқаларни кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамалар давомида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:
- Ўзбекистонда электроника ва электротехника ҳамда яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш, ушбу йўналишда илғор технологияларни жорий этиш ҳамда инновацион экотизимни кенгайтириш;
- электротехника ва яримўтказгичлар соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда соҳага оид тўлиқ қиймат занжирини шакллантириш;
- электроника ва яримўтказгичлар соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш доирасида интеграциялашган ёндашувларни жорий этиш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларни трансфер қилиш;
- интеграл схемалар (IC design), яъни микрочипларни лойиҳалаш бўйича махсус ўқув дастурлари ва тренингларни ташкил этиш орқали миллий мутахассислар базасини шакллантириш.
Ўз навбатида, «MIMOS Holding Sdn bhd» компанияси вакиллари Ўзбекистон билан юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдириб, яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва яратилаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинувини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етишда самарали ва тизимли фаолият олиб боришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





