UzVC Миллий венчур фонди томонидан CEVF 2026 доирасида Big Sky Capital ва MOST Ventures халқаро венчур фондлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди
2026-04-03 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирнинг ёпиқ формати ва чекланган иштирокчилар рўйхати ташкилотчиларнинг асосий мақсадини, яъни бозорнинг муҳим иштирокчилари ўртасида мазмунли мулоқот ва профессионал нетворкинг учун қулай муҳит яратишга қаратилганини акс эттирди. Дастур Марказий Осиёдаги венчур бозорининг жорий ҳолати таҳлилидан тортиб, сунъий интеллектнинг инвестиция фаолиятида амалий қўлланишигача бўлган кенг мавзуларни қамраб олди. Учрашув ҳамкорлик эълонлари, панель муҳокамалари ҳамда бошқарув кенгашларига бағишланган китобнинг ўзбек тилидаги нашри тақдимотларидан иборат бўлди.
Дастурдаги асосий воқеалардан бири UzVC ва Big Sky Capital ўртасидаги ҳамкорликнинг расмий эълон қилиниши бўлди. Ҳамкорлик доирасида томонлар Ўзбекистон ва унинг ҳудудларидаги юқори салоҳиятли компанияларга биргаликда инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Ҳамкорлик битимлар оқимини шакллантириш, портфель компанияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда локал ва халқаро тажрибани бирлаштирган ҳолда инвестиция портфелини яратишни назарда тутади. Асосий урғу эса сунъий интеллект ва deep tech йўналишидаги стартапларга берилиши таъкидланди.
Тадбир Марказий Осиё стартап экотизимининг бугунги ҳолати, унда юз бераётган жадал ўзгаришлар ҳамда минтақанинг халқаро венчур инвесторлар учун жозибадорлигига бағишланган панель муҳокамалари билан давом этди.
Стартап экотизими таҳлилига оид муҳокамада Абдулазиз Тошхўжаев (UzVC), Адил Нургожин (Big Sky Capital) ва Алим Ҳамитов (MOST Ventures) қатнашди. Унда Ўзбекистон ва минтақадаги асосий тенденциялар, стартаплар оқими, истеъдодлар салоҳияти, инфратузилма ва рақамли технологияларни жорий этиш суръатлари, шунингдек, экотизимнинг кейинги босқичга чиқиши учун зарур бўлган капитал, корпоратив бошқарув ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари ҳақида эксперт фикрлари билдирилди.
Иккинчи муҳокамада Шейн Сабине (Punch Capital, АҚШ) ва Жан Карсибаев (Big Sky Capital) иштирок этди. Спикерлар ривожланаётган бозорларни баҳолаш мезонлари, минтақа ҳақидаги кенг тарқалган нотўғри қарашлар ҳамда глобал инвесторлар учун энг қизиқарли соҳаларни муҳокама қилдилар. Шунингдек, яқин 1–2 йил ичида трансчегаравий венчур бозорини тезлаштирувчи омиллар алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг сунъий интеллектнинг венчур инвестициялардаги амалий қўлланилишига бағишланган махсус чиқиш бўлиб ўтди. Унда Grizz AI компанияси бош директори Тимур Тажбаев венчур фондлар фаолиятида сунъий интеллектдан амалий фойдаланиш бўйича тақдимот ўтказди.
Унда венчур фондлар сунъий интеллект ёрдамида кўпроқ стартапларни кўриб чиқиши, жараёнларни тезлаштириши ва дастлабки таҳлил сифатини ошириши мумкинлиги таъкидланди. Хусусан, стартапларни қабул қилишдан тортиб таҳлил, инвестиция меморандуми тайёрлаш ва кейинги кузатув босқичларигача бўлган амалий жараёнлар, дастлабки баҳолаш босқичини эксперт қарорини сақлаган ҳолда стандартлаштириш усуллари, таваккаллар ва муҳим саволларни аниқлашда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш бўйича энг яхши амалиётлар кўриб чиқилди. Сессиялар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга венчур экспертлари томонидан жавоб олишди.
Тадбир доирасида, шунингдек, “VC Boards” китобининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу сессияда венчур инвестиция жалб қилган компаниялар учун кузатув кенгаши ва корпоратив бошқарувнинг ўсиш омили сифатидаги аҳамияти, асосчилар дарҳол амалиётга татбиқ этиши мумкин бўлган асосий хулосалар, шунингдек, инвесторлар шаклланган компаниялардан нималарни кутиши муҳокама қилинди.
Кун тартибидан SQB Ventures ва Big Sky Capital ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда инвестиция бўйича расмий эълон ҳам ўрин олди. Шундан сўнг IT Park Uzbekistanʼнинг стартаплар, истеъдодлар ва уларнинг глобал бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлашдаги роли ёритилди. Ушбу қисмда асосий дастурлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари, экспорт ва халқаро кенгайиш имкониятлари, шунингдек, асосчилар учун ресурсларга қандай қўшилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Тадбирнинг якуний қисмида Мадина Зокирова ва Азиза Ҳамдамова (Hackonect) томонидан Techstars Uzbekistan тақдимоти ўтказилиб, стартапларга бериладиган имкониятлар ҳамда унинг маҳаллий экотизим учун аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Якунда тадбир сарҳисоби қилиниб, кейинги қадамлар эълон қилинди. Тадбир сўнгида эса меҳмонлар учун норасмий кечки овқат ва нетwоркинг учрашуви ташкил этилди.
UzVC Миллий венчур фонди
Маркетинг бўлими




