Ўзбекистон миллий валютадаги суверен халқаро облигацияларни тарихий энг паст фоиз ставкада жойлаштиришга эришди
2026-04-02 20:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Миллий валютада чиқарилган 3 йиллик Ўзбекистон халқаро облигациялари бўйича фоиз ставкаси 2024 йилда - 16,625 фоизни (3 трлн сўм) ва 2025 йилда – 15,5 фоизни (6 трлн сўм) ташкил этган.
Хусусан, 1 апрель куни АҚШ, Европа, Буюк Британия, Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларининг 32 та йирик халқаро инвесторлари иштирокидаги глобал аудиоконференцияда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар, ислоҳотлар натижалари, макроиқтисодий ҳолат ва келгуси режалар юзасидан батафсил ахборот берилди.
Яқин Шарқда кузатилаётган геосиёсий вазиятга қарамай Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ислоҳотлар туфайли суверен кредит рейтинг яхшиланиб бораётгани ижобий баҳоланди.
Халқаро инвесторлар томонидан миллий валютадаги халқаро облигацияларга қизиқишни инобатга олиб, шу куннинг ўзида сўмдаги суверен халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича буюртмалар қабул қилиниши эълон қилинди.
Кун давомида Ўзбекистоннинг сўмдаги халқаро облигацияларини харид қилиш учун 50 га яқин хорижий инвесторлардан жами 23,4 трлн сўмлик (дастлабки эълонга нисбатан 4 баравар кўп) буюртмалар 12,5 фоиз даражасида келиб тушди.
Халқаро инвесторлар томонидан билдирилган юқори қизиқиш натижасида 1 млрд долл экв. (12,2 трлн) миқдоридаги 3 йиллик суверен халқаро облигациялар 12,25 фоиз ставкасида (ички молия бозорига нисбатан ўрта ҳисобда 14 базис пункт паст) жойлаштирилди.
Глобал ноаниқликлар фонида минтақадаги айрим эмитентлар миллий валютадаги халқаро облигацияларини юқори фоиз ставкаларида чиқармоқда.
Ўзбекистоннинг сўмдаги ушбу суверен халқаро облигациялари Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида сўнгги 15 йил ичидаги миллий валютадаги энг йирик транзакция сифатида қайд этилди.
Шунингдек, ушбу облигациялар “GBI - EM” (The Government Bond – Emerging Market Index) индексига киритилиши кўриб чиқилмоқда. Халқаро облигацияларнинг мазкур индексга киритилиши 300 млрд долларга тенг активларни бошқарадиган янги инвесторларни жалб этиш ва келгусида фоиз ставкаларини янада пасайтириш имконини беради.
Мазкур индексга 14 та давлат, хусусан, Хитой, Туркия, Венгрия, Бразилия, Мексика, Малайзия, Польша, ва Жанубий Африка каби мамлакатларнинг суверен халқаро облигациялари киритилган.
Шу билан бирга, мазкур эмиссия Ўзбекистоннинг бошқа эмитентлари учун жаҳон молия бозорларида миллий валютадаги халқаро облигацияларини қулай шартларда чиқаришга хизмат қилади.
Халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сонли “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун йўналтирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
