Хитой Давлат кенгашининг Тараққиёт тадқиқотлари маркази раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-04-01 21:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Хитой Давлат кенгашининг Тараққиёт тадқиқотлари марказининг Халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи Ю Жун, Ресурслар ва экологик сиёсат институти директори Гао Шижи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент бошлиғи Абдумалик Жалилов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Замон Холдоров ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари доирасида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва ҳамкорликни устувор йўналишлар бўйича кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Муҳокамалар давомида мамлакатимиздаги жорий макроиқтисодий ҳолат, иқтисодий ўсиш суръатлари, инфлацияни барқарорлаштириш чоралари, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, «яшил» энергетика, кимё саноати, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳамда энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, рақамли иқтисодиёт ва IT соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Тараққиёт тадқиқотлари маркази ўртасида Англашув меморандум имзоланди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, янги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





