«Марказий Осиё: унумдорликдан фаровонлик сари» халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди
2026-03-27 20:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Форумнинг очилиш маросимида Осиё унумдорлик ташкилоти Бош котиби Индра Прадана Цингавината, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенҳассин, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) дастур менежери Беате Шорайт нутқ сўзлаб, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, инновацияларни жорий этиш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Форум доирасида сунъий интеллектни иқтисодиётга кенг жорий этиш, инсон капиталини ривожлантириш орқали шахс унумдорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва агросаноат корхоналарида замонавий ечим ва технологияларни қўллаш натижасида самарадорликни ошириш бўйича илғор халқаро ва маҳаллий тажрибалар муҳокама қилинди. Форум давомида Ўзбекистон иқтисодиёти ва бутун минтақа тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга қатор стратегик келишувларга эришилди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида 2026–2027 йилларга мўлжалланган «Хусусий секторни ривожлантириш ва иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси ишга туширилиб, тадбиркорликни ривожлантириш учун 3 миллион евро грант маблағлари ажратилиши белгиланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон томонидан миллий миқёсда самарадорлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган Миллий унумдорлик марказини ташкил этиш бўйича қадамлар ташланган тақдирда мазкур ташаббус GIZ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.
Осиё унумдорлик ташкилоти билан Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди ҳамда Германиянинг илғор унумдорлик стандартларини маҳаллий корхоналарга жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, форум давомида қуйидаги ҳамкорлик келишувлари имзоланди:
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги билан ҳамкорлик, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми, Тожикистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми;
- Uzagrostar Holding ҳамда Германия унумдорлик маркази ўртасида Қишлоқ хўжалиги соҳасида Германия тажрибаси асосида унумдорликни ошириш бўйича тажриба алмашиш дастурларини ташкил этиш, Германиянинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Англашув меморандуми;
- Uzagrostar Holding ва Интегратион Интернатионал Манагемент Cонсултантс компаниялари ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда чиқиндисиз ишлаб чиқариш йўналишида тажриба алмашиш дастурлари ва тренингларни ташкил этишда ҳамкорлик қилиш бўйича Англашув меморандуми;
- Корея Республикаси унумдорлик маркази билан ҳамкорлик меморандуми ҳамда Германия иқтисодиётининг рационализация ва инновациялар маркази билан унумдорлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Саноат ва технологиялар вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳамда Марказий Осиёда унумдорлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Шунингдек, “Унумдорлик мактабдан бошланади” мавзусида ўтказилган креатив видеороликлар танлови ғолиблари эълон қилиниб, 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг инновацион ёндашувлари рағбатлантирилди. Ғолиблар Германия, Япония ҳамда Туркия давлатларига саёҳат йўлланмаларини қўлга киритди.
Форум доирасида ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришда юқори натижаларга эришган энг самарали корхоналар тақдирланди. Экологик менежмент тизимлари бўйича махсус ўқув курсини муваффақиятли якунлаган мутахассисларга ISO:14001 халқаро сертификатлари топширилди.
Минтақавий мулоқот сессиясида Марказий Осиё давлатлари вакиллари амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида яқин муддатда халқаро экспертларнинг ҳудудларга ташрифлари ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорлар учун махсус тренинглар ўтказилиши режалаштирилди.
Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун Жиззах ва Самарқанд вилоятларига бизнес-ташрифлар уюштирилиб, ҳудудлардаги ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан яқиндан танишилди.
Халқаро форум доирасида иштирокчилар Жиззах вилоятида жойлашган бир қатор йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриб, ҳудудларда унумдорликни ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида қуйидаги объектлар фаолияти ўрганилди:
- Ўзбек–Хитой махсус саноат зонаси — қўшма лойиҳалар асосида ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватлари ва инвестицион муҳит;
- Artel заводи — кир ювиш машиналари ва чанг ютгичлар ишлаб чиқариш жараёнлари, автоматлаштириш даражаси;
- Deya Қандолат фабрикаси — замонавий қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш линиялари;
- ADM Жиззах — автомобиль саноати йўналишидаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси.
Мазкур ташриф иштирокчиларга ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда ҳудудий саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш имконини берди.
Мазкур форум Марказий Осиёда унумдорликни ошириш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









