Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 14 поғонага яхшиланиб 86-ўринга кўтарилди
2026-03-19 18:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Иқтисодий эркинлик индекси - мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, инвестиция муҳити ва бозор муносабатлари ҳолатини баҳолайдиган муҳим халқаро кўрсаткичдир.
Иқтисодий эркинлик индекси Ўзбекистон учун устувор бўлган 15 та халқаро рейтинг ва индекслардан бири ҳисобланади.
2025 йилда “Fitch” ва S&P” Ўзбекистон суверен кредит рейтингини илк маротаба “BB-”дан “BB” даражасига, “Moody’s” республика рейтинг кутилмасини “барқарор”дан “ижобий”га оширди. Натижада, Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа эмитентлар учун янги қарз жалб қилиш харажатларини ўртача 1,06 - 1,40 фоизга пасайтириш имконияти пайдо бўлди ҳамда 17 банк ва корхоналарнинг рейтинги оширилди.
Мамлакатимиз иқтисодий эркинлик даражаси бўйича жаҳон (59,9 балл) ҳамда минтақавий (58,6 балл) ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, биринчи марта “ўртача эркин” (“moderately free”) давлатлар қаторига кирган (олдинги йилларда асосан эркин бўлмаган давлатлар қаторида бўлган).
Иқтисодий эркинлик индекси методологиясига кўра мамлакатлар иқтисодий эркинлик даражаси бўйича 5 гуруҳга бўлинади: 80–100 балл — “эркин иқтисодиёт”, 70–79.9 балл — “асосан эркин”, 60–69.9 балл — “ўртача эркин”, 50–59.9 — “асосан эркин эмас”, 0–49.9 балл — “иқтисодий жиҳатдан репрессияланган”.
Республика баҳосидаги 12 та индикаторнинг 8 тасида ижобий ва 2 тасида салбий ўзгаришлар кузатилган бўлса, қолган 2 тасида эса ўзгариш кузатилмаган.
Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистон рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этиш йўлида муҳим ислоҳотларни амалга ошираётгани, иқтисодий эркинликни таъминловчи, янада очиқроқ ва замонавийроқ тизимга ўтишни кўмаклашувчи сиёсатни олиб бораётгани таъкидланган.
Хусусан, ҳукумат банк сектори ва давлат корхоналарига аралашувни камайтиришга амал қилиб келаётгани ҳамда бизнесни бошлаш жараёни соддалаштирилгани қайд этилган. Ҳисоботда келтирилишича, замонавий меҳнат бозори ривожланишда давом этмоқда, аммо норасмий секторда бандлик сезиларли даражада сақланиб қолмоқда.
Давом этаётган инфляцион босимга қарамасдан, мамлакатнинг пул-кредит ҳолати нисбатан барқарор даражада сақланаётгани ҳамда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг сўнгги босқичида эканлиги эътироф этилган.
Иқтисодий эркинлик индекси Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини баҳолашда, хорижий инвестицияларни жалб этиш, бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, давлатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва имижини шакллантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
