Ўзбекистонда болалар нафақаси миқдори оширилиши мумкин
2026-02-02 09:30:00 / ОАВ биз ҳақимизда

Шерзод Муҳамедовнинг айтишича, нафақа қиймати инфляциядан кам бўлмаган даражада кўтарилади.
“2022-2023 йилларда республикада деярли ҳар уч оиладан биттаси болалар нафақаси олган. Агар ҳудудлар кесимида кўрилса, аксарият жойларда 30 фоиз оилалар кам таъминланган оилаларга бериладиган ёрдамни олишган. Шу сабабли авваллари миқдорни ошириш имконияти бўлмади. Лекин кейинчалик моддий ёрдамлар манзиллилигини ошириш, тизимни рақамлаштириш чоралари кўрилди. Энди пуллар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларгагина тўланмоқда. Бу бўйича кўплаб мезонлар янгиланди. 2025 йили болалар нафақаси миқдори индексация қилинди. Бунда иш ҳақи, пенсиялар билан бирга инфляциядан кам бўлмаган миқдорда индексация қилиниши инобатга олинган”, деди вазирлик вакили.
Мамлакатда 2025 йил декабрда йиллик инфляция даражаси 7,3 фоизни ташкил этган.
Шерзод Меҳамедов давлат томонидан кам таъминланган оилаларга тўланаётган ёрдам пуллари одамлар топаётган даромадларига қўшимча маблағ эканини эслатди.
“Масалан, пенсионерлар пенсияни яшаш учун олади. Лекин бир нарсани унутмаслик керакки, ёрдам пуллари шунга ўхшаш мақсадлар учун тўланмаяпти. Ишлаётган даромадга қўшимча ёрдам бўлиши учун бериляпти”, деди мутахассис.



