Натижага йўналтирилган бюджетлаштириш тизимини самарали жорий этиш мавзусида вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларига ўқув семинари ташкил этилди
2026-03-17 10:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Шу муносабат билан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда Жаҳон банкининг кўмагида амалга оширилаётган «Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси доирасида, “Ernst & Young Advisory” LLC (Ecorys Netherlands B.V.) консалтинг ташкилоти экспертлари томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирликлари раҳбар ходимлар учун навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди.
Семинар давомида иштирокчиларга натижага йўналтирилган бюджетлаштиришнинг асосий тамойиллари, бюджет дастурларини шакллантириш ва уларни самарали бошқариш механизмлари, мақсадли индикаторлар тизимини шакллантириш ҳамда бюджет дастурларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг замонавий усуллари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган илғор ёндашувлар, давлат бошқарувида натижадорликни оширишга қаратилган инструментлар ва турли мамлакатлар тажрибаси ҳақида амалий мисоллар келтирилди.
Семинар фаол мулоқот ва савол-жавоблар шаклида ўтказилиб, иштирокчиларнинг амалиётда юзага келаётган саволларига халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



