Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган янги тартиб белгиланди
2026-03-16 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Қонунга кўра, Ер кодексига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши мумкинлигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Ушбу ўзгаришлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
1. Ижарага олувчи ер участкасига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин. Бунда қайта ижарага бериладиган ва ижарага олувчининг ўзида қоладиган ер участкалари майдони ушбу Кодекснинг 461-моддасида белгиланган ўлчамлардан кам бўлмаслиги, ер тузиш лойиҳасига мувофиқ контурлар яхлитлиги сақлаб қолиниши керак.
2. Фермер хўжалиги бошлиғи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига бериши мумкин бўлади.
Мазкур ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш, фермер хўжаликларининг барқарор фаолиятини таъминлаш ҳамда ер муносабатларини янада либераллаштиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
