Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун ESG ва RBC тизимини жорий этиш бўйича келишувларга эришилди
2026-02-17 19:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирнинг асосий мақсади ESG ва RBC йўналишлари бўйича амалга оширилган диагностика натижаларини тақдим этиш, мавжуд муаммолар ва хавф-хатарларни муҳокама қилиш ҳамда КЎБ учун миллий ESG тизими ва стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича устувор ёндашувларни белгилашдан иборат бўлди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, бизнес уюшмалари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирок этди. Очилиш чоғида ESG тамойилларини жорий этиш кичик ва ўрта бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва халқаро бозорларга интеграциясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар давомида кичик ва ўрта бизнес фаолиятининг жорий ҳолати, улар дуч келаётган экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, халқаро ESG стандартларининг миллий иқтисодиёт учун аҳамияти кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, қурилиш материаллари ва машинасозлик тармоқларидаги асосий ESG хавфлари ҳамда институционал ва мувофиқлаштириш соҳасидаги мавжуд бўшлиқлар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ESG ва RBC соҳасида ўтказилган диагностика натижалари юзасидан умумий ёндашувлар қўллаб-қувватланди ҳамда кичик ва ўрта бизнес учун миллий ESG тизими ва стратегиясини ишлаб чиқишнинг кейинги босқичларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Лойиҳани амалга ошириш кичик ва ўрта бизнес субъектларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, уларнинг халқаро стандартларга мослашувини қўллаб-қувватлаш ҳамда глобал қиймат занжирларидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




