Ўзбекистонда пандемияларнинг олдини олиш, озиқ-овқат таъминоти тизимлари ва экотизим барқарорлигига бағишланган “Ягона саломатлик” (Оne Health) грант лойиҳаси
2026-02-17 16:15:00 / Жаҳон Банки билан қўшма лойиҳалар
Таклиф этилаётган грант лойиҳа Марказий Осиёда пандемияларнинг олдини олиш, озиқ-овқат тизимлари барқарорлиги ва экотизимлар саломатлигини таъминлашга қаратилган “Ягона саломатлик” дастурининг (кейинги ўринларда Дастур) бир қисмига айланади. Дастурда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Туркманистон иштирок этади.
Ўзбекистон Дастурга 3-босқич лойиҳаси сифатида қўшилиши режалаштирилган. Лойиҳа Пандемияга қарши кураш жамғармасининг 1,79 миллион АҚШ доллари миқдоридаги гранти ҳисобидан молиялаштирилади (ушбу маблағ Жаҳон банки ижро этувчи ташкилот сифатида тайинланган, Ўзбекистон эса бенефициар сифатида иштирок этаётган “Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралари” кўп давлатли лойиҳасининг тегишли қисмига тўғри келади).
Дастурни ривожлантириш мақсади (PrDO) — Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” минтақавий ёндашуви орқали устувор зооноз касалликлар, антимикроб дори воситаларига чидамлилик ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга жавоб бериш соҳасида салоҳиятни мустаҳкамлашдан иборат.
Дастур миллий ва минтақавий даражада “Ягона саломатлик” ёндашувини амалга ошириш учун асосий салоҳиятни ривожлантиришга кўмаклашади. Бунда бошқарув механизмини яратишга ҳамда мавжуд инфратузилма ва тизимларни мустаҳкамлаш орқали профилактика, аниқлаш ва жавоб бериш имкониятларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.
Грантни амалга ошириш доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистонда амалга оширилиши кутилаётган “Ягона саломатлик” лойиҳаси бўйича “Атроф-муҳит ва ижтимоий мажбуриятлар режасини” (Environmental and Social Commitment Plan – ESCP) ҳамда “Манфаатдор томонларни жалб этиш режасини” (Stakeholder Engagement Plan – SEP) оммавий равишда эълон қилмоқда.
Мазкур ҳужжатларда Лойиҳани бошқариш механизми Жаҳон банкининг Атроф-муҳит ва ижтимоий асослари (Environmental and Social Framework – ESF) талабларига мувофиқ ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича манфаатдор томонларнинг мажбуриятлари белгиланган.
