Мираки туристик марказида «чемпион» тадбиркорлар иштирокида бизнес-семинар ўтказилди
2026-02-16 16:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Семинар очилишида ЕТТБнинг Кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ва ривожлантириш департаменти катта банкири Музаффар Ҳакимов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича стратегия ва дастурлар амалиётга татбиқ этилишини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Муйдинов Амирхон сўзга чиқиб, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, бизнес субъектларини молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида ЕТТБ мутахассислари томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун мавжуд молиялаштириш имкониятлари, консалтинг хизматлари ҳамда грант лойиҳалари юзасидан батафсил тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга қаратилган молиявий ва маслаҳат дастурларининг афзалликлари, уларнинг амалий қўлланилиши ҳамда бизнесни модернизация қилишдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Семинарнинг асосий қисмида бизнес стратегиясини ишлаб чиқиш, самарали корпоратив бошқарув тизимини шакллантириш, ташкилотнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда рақобатбардошликни ошириш бўйича замонавий ёндашувларга эътибор қаратилиб, корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, рискларни бошқариш, бошқарув тизимида шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида тажриба алмашинуви ташкил этилиб, бизнес субъектларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





