Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Сзоу Сзяи билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-02-10 17:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ОИИБ президенти администрацияси раҳбари Янг Чжоу, Давлат сектори ҳамда лойиҳа ва корпоратив молия мижозлари учун инвестиция бўйича бош директори Константин Лимитовский, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори Зиёвуддин Бадриддинов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденциялари, келгусида белгиланган мақсадлар ва устувор йўналишлар, ўзаро манфаатли муносабатларини ривожлантириш ҳамда ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, томонлар қуйидаги асосий йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
- Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда устувор йўналишлар, жумладан, инфратузилмани ривожлантириш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, янги иш ўринларини яратишда ҳамкорлик қилиш;
- Кичик ва ўрта бизнес, IT, финтех, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
- Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, ДХШ асосида транспорт-логистика ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, энергия етказиб бериш тизимини модернизация қилиш;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ирригация тармоқларини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш;
- Яшил трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва энергия самарадорликни ошириш.
Ўз навбатида, Осиё инфратузилма инвестициялари банки раҳбари томонидан мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида эришилаётган натижалар ҳамда белгиланган устувор мақсадлар юксак баҳоланиб, келгусида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, учрашув доирасида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокидаги “Қорақалпоғистон Республикасида ва Хоразм вилоятидаги маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш” лойиҳасини молиялаштириш юзасидан битим имзоланди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





