Бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолияти соҳасида 2025-йил давомида эришилган натижалар юзасидан маълумотнома
2026-02-05 12:10:00 / Вазирлик янгиликлари
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) йўналишида:
1. Бухгалтерия ҳисоби соҳасини тизимлаштириш, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) ўтишни рағбатлантириш ва тадбиркорлик субъектларининг МҲХСга ўтиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, молиявий ҳисоботнинг ташқи сифат назорати тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, бухгалтерлар ва аудиторлар касбининг ҳуқуқий мақоми ва нуфузини мустаҳкамлаш, уларнинг касбий одоб-ахлоқ талабларига риоя қилиши, бухгалтерлик ва аудиторлик хизматлари сифатини халқаро стандартлар асосида таъминлаши, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасини рақамлаштириш орқали ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ-282-сонли қарори қабул қилинди.
Мазур қарор билан бухгалтерия ҳисоби тизимини тубдан такомиллаштириш ва уни халқаро стандартларга ўтказишнинг муҳим устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Биринчидан, Ўзбекистон молия ва капитал бозорларида шаффофликни ошириш, халқаро инвесторлар ишончини кучайтириш, натижада мамлакатнинг суверен ва корпоратив рейтингларини яхшилаб, узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида жамият ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбиркорлик субъектларини янги тоифаси Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public Interest Entities – PIE) сифатида ҳуқуқий мақоми жорий қилинди.
Иккинчидан, Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонлари, уларнинг молиявий ҳисоботлари ва аудитига қўйиладиган талаблар ҳамда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг 2025 йил 27 декабрда қўшма 3736-сон қарори).
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тушунчаси илк бор аниқ белгилаб берилди. Бунда Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public Interest Entities – PIE, JAT) – фаолият тури, активлари ҳажми, йиллик тушуми, ходимлар сони ёки иқтисодий ва ижтимоий таъсири туфайли кенг доирадаги манфаатдор томонларга эга бўлган тижорат ташкилотлари ҳисобланади
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар Реестрга киритилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ҳамда навбатдаги (иккинчи) йил якунига кўра молиявий ҳисоботларни тузиш ва уларни аудиторлик хулосалари билан бирга эълон қилишни МҲХСга мувофиқ амалга оширади.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига қуйидаги ташкилотлар киритилди:
қимматли қоғозлари фонд биржасининг листингига киритилган ва оммавий савдоларга чиқариладиган (Publicly Traded Entity) ташкилотлар;
тижорат банклари, микромолия банклари, микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ва кафолатлар бериш ташкилотлари, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари;
инвестиция фондлари;
биржалар;
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиз ва ундан ортиқ бўлган ҳамда бир вақтнинг ўзида кетма-кет охирги икки календарь йил давомида мазкур Мезонларнинг 6-банди «а» кичик бандига мувофиқ келадиган ҳамда маҳсулот, товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган йиллик соф тушуми ва дивиденд шаклидаги даромадлари биргаликда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ва ундан ортиқ бўлган давлат иштирокидаги корхоналар;
бир вақтнинг ўзида кетма-кет охирги икки календарь йил давомида ҳисобот йили якунларига кўра:
а) активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ва ундан ортиқ;
б) маҳсулот, товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган йиллик соф тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ва ундан ортиқ;
д) ходимларининг ўртача йиллик сони беш юз нафардан кам бўлмаган ташкилотлар.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) ва Аудитнинг халқаро стандартларига ўтишнинг аниқ механизми жорий этилди. Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиши ҳамда молиявий ҳисоботни тайёрлаши шарт.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар рейэстрига киритилган ташкилотлар:
МҲХС (IFRS) асосида алоҳида ва (мавжуд бўлса) консолидациялашган молиявий ҳисобот тузади;
молиявий ҳисоботни Аудитнинг халқаро стандартлари (ICA) асосида мажбурий аудитдан ўтказади;
молиявий ҳисобот ва аудиторлик хулосасини ўз расмий веб-сайти ҳамда Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилади.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар рейэстри очиқ ва шаффоф бўлади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестри шакллантирилади ва юритилади. Реестр ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали ва Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.
Реестрда ташкилотлар тўғрисидаги асосий молиявий кўрсаткичлар, аудиторлик хулосалари, молиявий ҳисоботларга ҳаволалар ва бошқа муҳим маълумотлар очиқ акс эттирилади.
Учинчидан, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси бўйича малакали мутахассис ва амалиётчилар, хорижий ва маҳаллий экспертлардан иборат методологик кенгаш ташкил этилди.
Методологик кенгаш томонидан МҲХС ва аудитга доир масала ва муаммоларни муҳокама қилинди ҳамда ушбу масалалар юзасидан тегишли хулосалар расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилди.
Шунингдек, Методологик кенгаш томонидан турли соҳа ва тармоқларда МҲХСни жорий қилиш бўйича муаммолар ўрганилиб, аниқланган муаммолар таҳлил қилиниб, тадбиркорлик субъектларини МҲХСни жорий қилиш бўйича ташкилий ва услубий жиҳатдан таъминланиб борилди.
Тўртинчидан, тадбиркорлик субъектларини МҲХСни жорий қилиш бўйича ташкилий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
ЭРП (Энтерприсе ресоурсе планнинг) ва бухгалтерия дастурий таъминотларида МҲХС бўйича молиявий ҳисобот шаклларини автоматик равишда тўлдириш механизмлари жорий этилди;
МҲХС асосида молиявий ҳисоботни ҳамда унинг сифатини назорат қилиш учун дастурий таъминот Ягона ҳисоботлар тизимига интеграциялаш орқали жорий қилинди;
бухгалтер, аудитор ва молия мутахассислари учун рақамли билимлар (ERP, AI, Big Data) бўйича малака ошириш дастурлари жорий қилинди ҳамда олий таълим муассасалари ва тегишли жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда махсус ўқув курслари ташкил этилди;
аудиторлар малакасини ошириш дастурларини қайта кўриб чиқилиб, Таълимнинг халқаро стандартларига мувофиқлаштирилди;
барқарор ривожланиш ва ESG (Environmental, Social, Governance) ҳисоботини тайёрлаш қоидалари ва уларни жорий этиш бўйича тадбирлар дастурини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди;
тадбиркорлик субъектлари ўртасида МҲХС асосида фойда солиғини ҳисоблаш бўйича сўров ўтказилди ва уларга мазкур масалада услубий ёрдам кўрсатилди;
бухгалтерлар ва аудиторлар учун Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Одоб-ахлоқ кодексининг (Code of Ethics for Professional Accountants) асосий принципларига амал қилиш бўйича услубий кўрсатма ишлаб чиқилди ҳамда Кодексни ўқитиш орқали уларнинг мустақиллиги, ахлоқий нормалар ва талаблар тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида ўқув семинарлар ташкил этилди.
МҲХСга мувофиқ стандартлаштирилган, жумладан, консолидациялашган ҳисоботлар учун молиявий ҳисобот шакллари ва МҲХСга мослаштирилган намунавий ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди.
Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларини Кичик ва ўрта бизнес учун МҲХСга уйғунлаштирган ҳолда Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини жорий этиш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
2. 2025 йил якунларига кўра бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида талабгорларнинг имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш бўйича 2025 йил давомида 1515 та ариза кўриб чиқилиб, улардан 895 нафари учун 1208,7 млн сўм қоплаб берилди. Жами 652 нафар тингловчиларни ўқитиш харажатларини қоплаш бўйича 5 та ўқув марказдан келиб тушган 42 та ариза кўриб чиқилди, шундан, жами 26 та аризадаги 430 нафар тингловчиларни ўқитиш харажатлари учун 1982,4 млн сўм қоплаб берилди.
Бугунги кунда бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида АССА – 102 та, «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» (Ф7) фанидан топширган – 749 та, ДипИФР (АCCА) – 449 та, CИПА, CАП, CПА – 170 дан ортиқ жами 1 470 га яқин халқаро сертификатга эга мутахассислар мавжуд (2025.07.01 ҳ.). АCCА (Association of Chartered Certified Accountants) билан ўзаро ҳамкорлик жараёнида 14 та ўқув марказлари халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини ўқитиш бўйича икки босқичли бепул масофавий онлайн таълим платформасида (ifrs.academy) 13 000 дан ортиқ тингловчилар, талабалар, ўқитувчилар, бухгалтерлар ва молиячилар ушбу платформаларда таълим олмоқда.
Мазкур ислоҳотларнинг амалга ошиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15-центабрдаги ПҚ-282-сонли қарорининг қабул қилиниши ҳамда унда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширилиши молия ва капитал бозорларида шаффофликни оширади, халқаро инвесторлар ишончини кучайтиради. Бу эса мамлакатнинг суверен ва корпоратив рейтингларини яхшилаб, арзон ва узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиради.
Аудиторлик фаолияти соҳасида:
1. Республикамизда аудиторлик хизматлари бозорининг умумий тавсифига кўра, 2025 йил 31 декабрь ҳолатида аудиторлик ташкилотларининг сони - 175 та, аудитор малака сертификатига эга бўлганлар сони 1 296 нафарга етди.
2. Аудиторлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва уларни давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги соҳасига ахбороткоммуникация технологияларини жорий этиш бўйича «Аудит» дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ҳозирги вақтда «Аудит» дастурий мажмуаси http://audit.mf.uz ва https://audit.imv.uz веб-саҳифаларида ишлаб келмоқда.
3. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича:
2025 йил январь ойидан бошлаб Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамент билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш (ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК) миллий тизимини ўзаро баҳолашнинг ИИИ раундига тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК бўйича Идоралараро комиссиянинг баённомаси билан тасдиқланган «Йўл харитаси» ва Чора-тадбирлар режаси доирасида 2025 йилда ишлар амалга оширилди ва шу тўғрисида ҳисобот тайёрланди.
Бундан ташқари бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятига доир 20 тага яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
2025 йил давомида 18 та соҳани халқаро ҳамкорлик асосида янада ривожлантириш мақсадида халқаро конференция, семинар, тренинг, давра суҳбати ва турли учрашувларда иштирок этилди. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Кенгаш йиғилишида бухгалтерия ҳисоби ва аудит хизматлари бўйича, Жаҳон банки, МҲХС Фондининг Кенгашлари (Буюк Британия), Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (АCCА, Буюк Британия), Россия Федерацияси Ғазначилиги, Россия Федерацияси Молия вазирлиги Илмий-тадқиқот молия институти (НИФИ) экспертлари ва вакиллари билан бухгалтерия ҳисоби ва аудитнинг турли масалаларида учрашувлар ташкиллаштирилди ва иштирок этилди.
«Ижро интизоми» идоралараро ягона электрон тизими орқали келган жами 900 га яқин топшириқлар, жисмоний ва юридик шахслардан келган мурожаатлар белгиланган муддатларда бажарилган.
Мазкур ишларни амалга оширилиши молия ва капитал бозорларида шаффофликни оширади, халқаро инвесторлар ишончини кучайтиради. Бу эса мамлакатнинг суверен ва корпоратив рейтингларини яхшилаб, арзон ва узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
