Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида кўп тармоқли шифохона ташкил этиш лойиҳаси бўйича тендер натижалари тўғрисида эълон
2026-02-03 21:30:00 / Давлат хусусий шериклик эълонлар
2026 йил 3 февраль
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида Фарғона вилоятида кўп тармоқли шифохона ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида (кейинги ўринларда — Лойиҳа) тендер жараёнини якунлади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 2024 йил 30 августдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Тендер ғолиби сифатида VISION INTERNATIONAL INVESTMENT COMPANY (Саудия Арабистони) – KOC CONSTRUCTION MEKANIK ELEKTRIK МЧЖ ФЕ (Ўзбекистон) – REKEEP (Италия) компаниялари консорциуми эълон қилинди. Консорциум томонидан тақдим этилган ҳужжатлар барча техник талабларга жавоб берган бўлиб, молиявий жиҳатдан энг паст таклифни тақдим этди.
Лойиҳа доирасида тендер ғолиби Фарғона вилоятида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, халқаро стандартларга мувофиқ замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда 20 йил давомида техник эксплуатациясини таъминлаш мажбуриятини олади.
Фарғона вилоятида кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича ДХШ лойиҳасини амалга ошириш минтақа ҳамда унга туташ вилоятлар аҳолиси учун кардиожарроҳлик, нейрохирургия ва орган трансплантациясини ўз ичига олган замонавий юқори технологияли учинчи даражали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.
Лойиҳа доирасида вилоятдаги мавжуд 5 та тиббиёт муассасасини бир жойда бирлаштириш ҳамда уларни илғор диагностика ва даволаш инфратузилмаси билан жиҳозлаш ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади, хизматлар сифатини яхшилайди ва беморларнинг минтақа ёки мамлакат ташқарисига чиқиш заруратини камайтиради.
Мазкур лойиҳа давлат ва хусусий секторнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлигининг пилот лойиҳаси бўлиб, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида замонавий тиббиёт мажмуаларини ривожлантириш учун модель яратади.
Халқаро тендер жараёнида жами ўнта компания иштирок этди, улардан саккизтаси дастлабки малакадан ўтказилди ҳамда иштирокчилардан, жумладан тендер ғолибидан ташқари Meridiam (Франция), Ronesans (Туркия) консорциуми, Plenary (БАА), YDA Group (Туркия), Fuad Alganim Holding (Қувайт) консорциумларидан техник ва молиявий таклифлар олинди.
Компаниялар учун асосий талаблар қатъий бўлиб, тажриба, молиявий кўрсаткичлар ва бошқа мезонларни ўз ичига олади.
