“БЮДЖЕТ СЎРОВЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ” МАВЗУСИДАГИ ЎҚУВ-АМАЛИЙ СЕМИНАРИ БЎЛИБ ЎТДИ
2026-01-30 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу семинар давомида жорий йилнинг 27 январь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 40 га яқин ходимлари учун “Бюджет сўровларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилишда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг роли” мавзусида тақдимот ўтказилди (тармоқ вазирликлари бюджетларини кўриб чиқишнинг аҳамияти ва мақсади, харажат турлари (жорий, капитал ва маъмурий харажатлар) бўйича бюджет сўровларини баҳолашнинг умумий ёндашувлари, жумладан уларнинг харажатларнинг чекланган миқдорларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича талаблар кўрсатиб ўтилди).
28 январь куни эса экспертлар томонидан “Капитал қўйилмалар бўйича харажатларни кўриб чиқиш усуллари ва воситалари” юзасидан тақдимот ўтказилди ва бунда капитал қўйилма харажатлари юзасидан сўровларни баҳолашдаги асосий масалалар, амалга оширилаётган ҳамда янги лойиҳалар ўртасида устуворликларни белгилаш, сақлаш харажатлари ва бошқа тегишли жорий харажатлар билан таъминланганлигини ўрганиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ўз навбатида, семинарнинг кейинги куни эса “Жорий харажатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш усуллари ва воситалари таҳлили” бўйича тақдимот ўтказилди. Бунда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни таҳлил қилиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, субсидиялар ва трансфертлар бўйича харажатларни кўриб чиқиш жараёнлари юзасидан хорижий илғор тажрибадан мисоллар келтирилди.
Семинарнинг сўнгги кунида барча иштирокчилар билан бирга ўтилган уч кунликдаги мавзуларни такрорлаган ҳолда, эскпертлар томонидан мамлакатимизда бюджет сўровларини кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Мазкур таклиф ва тавсиялар асосида яқин келажакда бюджет сўровлари билан боғлиқ тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тизимни такомиллаштириш юзасидан Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан ҳамкорликнинг давом эттирилишига келишиб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









