Ўзбекистон ва Туркия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-01-30 11:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни соғлиқни сақлаш йўналишида изчил ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар тиббиёт соҳасида тажриба алмашиш, замонавий ёндашувларни ўрганиш ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашди.
Учрашув давомида ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда бошқарув жараёнларига илғор амалиётларни босқичма-босқич жорий этиш истиқболлари юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳридаги кўп тармоқли шифохоналар фаолиятини янада ривожлантиришга доир ёндашувлар муҳокама мавзуларидан бири бўлди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистонда тиббий туризм салоҳиятини босқичма-босқич ривожлантириш масалаларига тўхталди. Хусусан, Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, хизматлар сифати ва инфратузилмани такомиллаштириш, шунингдек, халқаро тажрибани ўрганиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни амалий жиҳатдан бойитиш, соҳа мутахассислари ўртасида мулоқотни кучайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини изчил ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникатсиялар бошқармаси
