“ToshTech” техника университети янги авлод муҳандислик экотизими сифатида иш бошлади
2026-01-27 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қонғратбай Шарипов, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, шунингдек, халқаро ҳамкорлар — Constructor University Bremen (Германия) ва Boston Consulting Group (АҚШ) вакиллари, саноат ва энергетика тармоқларининг етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
“ToshTech” Ўзбекистон олий таълим тизимидаги флагман миллий лойиҳа бўлиб, у академик мукаммаллик, амалий тадқиқотлар ва саноат билан тизимли интеграцияга асосланган муҳандислик университетининг янги моделини шакллантирмоқда. Университет STEM йўналишлари, технологик тадбиркорлик ҳамда билим ва технологиялар трансфери учун институционал платформа сифатида фаолият юритади.
Университетда таълим жараёни бакалавриат ва магистратура босқичларида муҳандислик ва технологик йўналишлар бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиши режалаштирилган.
Дастлабки тўрт йилда энг талабгир йўналишлар бўйича бешта мактаб (факультет)ни ишга тушириш режалаштирилган:
· Electrical Engineering (Электр муҳандислиги);
· Industrial Mechanical & Automotive Engineering (Саноат машинасозлиги ва автомобилсозлик муҳандислиги);
· Materials Science & Engineering (Материалшунослик ва муҳандислик фанлари);
· Advanced Engineering & Emerging Technologies (Илғор муҳандислик ва янги технологиялар);
· Engineering & Management (Муҳандислик бошқаруви).
Биринчи йилда умумий муҳандислик бакалавриати ишга туширилади, мактаб (факультет) танлови эса 2–3-курслардан бошланади.
Ўқув жараёнида амалий машғулотлар улуши юқори бўлиб, талабалар дастлабки босқичлардан бошлаб реал саноат лойиҳалари, муҳандислик муаммолари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғун ҳолда ишлайди. Таълим модели лойиҳага асосланган таълим (project-based learning), кейсларга асосланган таълим (case-based learning) ҳамда саноат билан ҳамкорликдаги дуал ёндашув элементларини ўз ичига олади.
Университетнинг тайёрлов дастури (Foundation) таълим дастурлари Constructor University Bremen (Германия) академик иштироки билан ишлаб чиқилган бўлиб, муҳандислик таълимининг халқаро стандартларига тўлиқ мос келади. Ушбу ҳамкорлик ўқув дастурларининг сифати, баҳолаш ва академик назорат механизмлари, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда академик алмашинувни таъминлайди.
Шунингдек, университет Сингапур, Буюк Британия, АҚШ каби давлатларнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорликда бакалавриат ва магистратура таълим дастурларини йўлга қўйишни мақсад қилган.
“ToshTech” университетининг ривожланиш концепцияси, институционал модели ва таълим дастурларининг стратегик архитектураси Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг ташкилоти экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган. BCG университетни бошқарув модели, саноат билан интеграция, компетенция марказлари ва рақамли таълим инфратузилмасини шакллантиришда қўллаб-қувватламоқда.
Очилиш маросими доирасида “ToshTech” ва қатор йирик тармоқ ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумлари имзоланди. Ҳамкорлар қаторига:
· “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ;
· ACWA Power;
· “Иссиқлик электр станциялари” АЖ;
· “Яшил Энергия” МЧЖ;
· “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ;
· “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ;
· “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ киради.
Мазкур ҳамкорликлар доирасида талабалар учун амалиёт, стажировка, қўшма лойиҳалар ҳамда битирувдан сўнг ишга жойлашиш механизмлари йўлга қўйилади.
Технологик трансформация ва саноатни модернизация қилиш жараёнлари жадаллашаётган бир шароитда Ўзбекистон иқтисодиётида юқори малакали муҳандис кадрларга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда. Ишчи гуруҳ прогнозларига кўра, яқин 10 йил ичида мамлакатнинг асосий тармоқларида 35 минг нафарга яқин муҳандис мутахассисга талаб юзага келади. Университет айнан шу бўшлиқни тўлдириш, энергетика, саноат, машинасозлик ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар учун замонавий муҳандисларни тайёрлашга қаратилган.
Университет фаолиятини 2026 йил сентябрь ойида тўлиқ бошлаши учун зарур инфратузилма шакллантирилган. 2025 йил декабрь ойида кампуснинг биринчи босқичи қуриб битказилди. ToshTech университети биносида лойиҳа ечими сифатида энергия самарадор технологиялар, жумладан, уч қаватли икки камерали ойна конструкциялари қўлланилиб, ташқи деворлар базальт қоплама билан изоляция қилинган. Иситиш ва совитиш тизими иссиқлик насоси ва фанкойллар орқали таъминланиб, талаб этиладиган электр энергияси қайта тикланувчи қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилади. Ҳозирда 4 минг квадрат метрдан ортиқ бинолар 120 кВт қувватдаги қуёш панеллари орқали иситиш ва совитиш билан таъминланган.
Университетнинг тайёрлов дастурига (Foundation) дастлабки қабул жараёнида 650 нафардан ортиқ ариза келиб тушди ва 200 нафар тингловчи саралаб олинди. Дастлабки дарс ва очиқ маъруза 2025 йил 20 декабрь куни бўлиб ўтди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









