“Бюджет сўровларини кўриб чиқиш” мавзусидаги ўқув-амалий семинари бўлиб ўтмоқда
2026-01-27 19:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур стратегия доирасида ҳозирги кунда давлат молиясини бошқариш соҳасини такомиллаштириш, жумладан бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳисобини тўғри юритилишини таъминлаш ҳамда шаффофликни ошириш борасида турли даражадаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Мазкур ислоҳотлар доирасида, жорий йилнинг 27–30 январь кунлари Халқаро валюта жамғармасининг мустақил экспертлари Имран Азиз ва Герҳард Стегер бошчилигида вазирлик марказий аппарати мутахассиларининг бюджет соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Бюджет сўровларини кўриб чиқиш” мавзусида ўқув-амалий семинари ташкил этилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, ушбу семинар давомида бюджет тизими бюджетларини шакллантириш жараёнлари таҳлили, хусусан харажат турлари (жорий, капитал ва маъмурий харажатлар) бўйича бюджет сўровларини (соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига устуворликни қаратган ҳолда) кўриб чиқиш ва баҳолашнинг умумий ёндашувлари, шунингдек, баҳолаш учун фойдаланиладиган воситалар ва усуллар, уларнинг тасдиқланган харажатларнинг чекланган миқдорларига мувофиқлигини таъминлаш юзасидан муҳокамалар ва амалий машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган.
Бугун 27 январь куни мазкур амалий семинар бошланди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 40 га яқин ходимлари иштирок этиб, ХВЖнинг экспертлари билан бюджет сўровларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш ва унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг роли юзасидан фикрлар алмашилди.
Шунингдек, экспертлар томонидан Ўзбекистонда бюджет сўровларининг жорий ҳолати ҳамда уларнинг бюджет маблағларини режалаштириш ва тақсимлаш сифатини яхшилашдаги аҳамиятини ошириш бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Семинар якунида эришилган натижалар ва муҳокамаларнинг тафсилотлари юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси








