Жаҳон банки билан давлат тиббий суғуртаси тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-01-22 21:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришда макроиқтисодий барқарорлик, демографик жараёнлар ва меҳнат бозори хусусиятларини инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, тиббий суғурта тизимини жорий этишда иқтисодий ва ижтимоий омилларнинг ўзаро уйғунлиги масалаларига эътибор қаратилди.
Жаҳон банки вакиллари соғлиқни сақлашни молиялаштириш масалаларига тўхталар экан, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, аҳоли учун молиявий ҳимоя механизмларини кенгайтириш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида харажатлар таркибини мувозанатли шакллантириш ва давлат иштирокини изчил кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида соғлиқни сақлаш суғуртасининг асосий вазифалари — аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда молиявий барқарорликни таъминлаш экани таъкидланди. Шу билан бирга, самарали тиббий суғурта тизимини шакллантириш учун молиялаштириш ёндашувлари, қамров доираси ва хизматлар пакетини аниқлаш, шунингдек, шаффоф тўлов ва ахборот тизимларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида Жаҳон банки томони Ўзбекистон ҳукуматининг соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимини ривожлантириш бўйича қарашлари билан яқиндан танишишга, шунингдек, давлат тиббий суғуртаси тизимини шакллантириш жараёнида таҳлилий ва техник кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси

