Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартлари: халқаро амалиётга мувофиқ янги босқич
2026-01-22 18:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Мазкур ислоҳотлар Республикада молиявий ҳисобот тизимини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (IFRS, IAS, IFRS for SMEs) яқинлаштириш, ҳисобот маълумотларининг шаффофлиги, таққосланувчанлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Янги стандартлар – ягона ва замонавий ёндашув тамойили асосида 2026-2027 йиллар давомида 8 та йўналиш бўйича жами 30 дан ортиқ МҲМС ишлаб чиқилиши режалаштирилган бўлиб (МҲМС рўйхати), улар қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:
- молиявий ҳисоботнинг концептуал асослари ва умумий қоидалари;
- молиявий ҳисобот таркиби ва компонентлари;
- активлар, мажбуриятлар ва капитал ҳисоби;
- молиявий инструментлар;
- даромадлар, харажатлар ва молиявий натижалар;
- ижара, ходимларга тўловлар, фойда солиғи каби муҳим масалалар;
- кичик тадбиркорлик субъектлари учун соддалаштирилган ҳисоб;
- қишлоқ хўжалиги, суғурта, давлат-хусусий шериклик каби соҳавий стандартлар.
Янги МҲМСлар амалдаги Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини (БҲМС) ягона тизимга бирлаштиради, айрим эскирган нормаларни бекор қилади ҳамда аввал мавжуд бўлмаган, аммо халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган стандартларни жорий этади.
Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини жорий этиш орқали бизнес ва инвесторлар учун янги имкониятлар яратилади. Жумладан:
- хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисоб юритиш қоидалари аниқ ва тушунарли бўлади;
- инвесторлар, кредиторлар ва давлат органлари учун молиявий ахборот сифати ошади;
- халқаро молия бозорлари билан интеграция жараёнлари жадаллашади;
- кичик бизнес ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган ҳисоб механизмлари яратилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги МҲМС лойиҳаларини очиқлик ва жамоатчилик иштироки асосида ишлаб чиқади. Бунда, профессионал бухгалтерлар, аудиторлар, тадбиркорлик субъектлари, таълим муассасалари ва халқаро экспертлар, салоҳиятли илмий кадрлар жумладан бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича Методологик кенгаш иштирокини таъминлайди. Стандартлар лойиҳалари босқичма-босқич жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги барча тадбиркорлик субъектлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларини ушбу жараёнда фаол иштирок этишга, таклиф ва мулоҳазалар билдиришга чақиради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
