2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун: асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва бюджет параметрлари
2026-01-22 17:15:00 / Вазирлик янгиликлари
2026 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6,6 фоизга ўсишини таъминлаш учун саноатда – 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида – 4,2 фоиз, бозор хизматларида – 14,5 фоиз ўсишни таъминлаш кўзда тутилган. Инфлация даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари 402,7 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.
Шу жумладан, ижтимоий соҳа харажатлари 220,1 трлн сўм миқдорида режалаштирилган (таълим – 100,3 трлн сўм, соғлиқни сақлаш – 49,0 трлн сўм, маданият ва спорт – 8,1 трлн сўм, фан – 2,4 трлн сўм).
Ижтимоий нафақаларга 17 трлн сўм маблағ ва Пенсия жамғармасига 23 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилган.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми берилган туман (шаҳар)ларни намунали ҳудудга айлантириш учун 4,9 трлн сўм, Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига 18,5 трлн сўм, «Ташаббусли бюджет» жараёнига 6 трлн сўм, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ва тармоқларни ривожлантириш харажатларига 1,5 трлн сўм маблағлар режалаштирилган.
2026 йилда бюджет қамрови кенгайтирилиб, давлат дастурларини молиялаштириш учун депозит ва ссудаларни инобатга олган ҳолда умумий фискал тақчиллик 60,2 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
